Грузия давлат хавфсизлик хизмати 24 ва 25 июл кунлари мамлакатда кенг кўламдаги электр энергияси узилиши сабабли жиноят иши қўзғатди.
"Грузия давлат хавфсизлик хизмати электр энергияси бутун мамлакат бўйлаб бир неча марта авариявий ўчгани сабабли Жиноят кодексининг 318-моддаси (саботаж) билан жиноят иши қўзғатди", - дейилади хавфсизлик хизмати баёнотида.
Ушбу моддада Грузия давлат манфаатларига путур етказиш мақсадида давлат корхонаси ёки бошқа муҳим объектнинг меъёрида ишлашига тўсқинлик қилиш ёки зарар етказиш/йўқ қилиш назарда тутилган.
25 июл куни эрталаб Грузияда электр энергиясининг кенг кўламли ўчиши содир бўлди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Тбилиси, Озургети, Поти, Рустави шаҳарларида электр йўқлигини ёзишди.
Кейинроқ "Грузия давлат электр тизими" компанияси электр таъминоти тикланганини хабар қилди.
Жума куни кечқурун ҳам мамлакатда электр таъминоти узилиб қолган, уни тўлиқ тиклаш учун бир неча соат керак бўлганди.











