Байден Россиянинг Украина борасидаги «қизил чизиғи»ни тан олмаслигини айтди
АҚШ президенти Жо Байден Москва томонидан айтилаётган Украина билан муносабатлардаги «қизил чизиқ»ни тан олмаслигини маълум қилди.
Байден НАТО инфратузилмаси Россия чегараларига яқинлашаётгани ва Украина ҳудудига зарба берувчи комплекслар жойлаштирилаётганини «қизил чизиқ» деб атаган Путинга жавоб қайтарди.
«Мен ҳеч қандай қизил чизиқни тан олмайман», деди Байден.
Россия ТИВ Украинанинг НАТОга кириши ҳам Москва учун «қизил чизиқ» ҳисобланишини билдирганди.
Байден Владимир Путин билан «узоқ суҳбат» ўтказишга умид қилишини қўшимча қилди.
«Биз анчадан буён Россиянинг ҳаракатлари ҳақида биламиз. Мен Путин билан мулоқотимиз узоқ давом этишини истардим», деди америкаликлар президенти Россия ва Украина чегарасидаги вазият юзасидан изоҳ бераркан.
Шанба куни икки етакчи ўртасида 7 декабрь куни мулоқот ўтказилиши ҳақида маълум бўлди. Томонлар видеоалоқа орқали ўзаро боғланади.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, президентлар икки томонлама муносабатлар, Афғонистон, Ироқ, Украина, Ливияга оид мавзуларни муҳокама қилади.
Январь охирида
Украина билан чегара бўйлаб россиялик 94,5 минг ҳарбий хизматчи жойлаштирилган. Жума куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников Россия катта эҳтимол билан январь ойи охирида ҳарбий эскалация юзага келтиришини айтди.
Жума куни Олий Радада чиқиш қилган Резников Россия Украина чегаралари атрофида қишки ўқув машғулотлари бошлагани ва разведкани фаоллаштириб, алоқаларни текширувдан ўтказаётганини маълум қилди.
«Россия йил бошидан буён ўзига хос «тўлқинлар» тактикасини қўлламоқда. Чегараларимиз яқинида қўшин тўпланди. Кейин шахсий таркиб аввалги жойига олиб кетилди, техника эса қолди. Бу рақибга вақтдан ютишда имкон беради», деди Резников.
Лавров Блинкенга қарши
Ҳафта давомида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Стокҳолмдаги учрашувда Украина атрофидаги вазият бўйича кескин баёнотлар билан чиқиш қилганди.
«Инқироздан қочишнинг энг яхши воситаси - бу дипломатия [...], жумладан Минск келишуви мажбуриятларини бажариш ва россиялик ҳарбийларни олиб кетиш [Украина чегаралари яқинидан]. Қўшма Штатлар бунда ўз ҳиссасини қўшишни истайди, аммо очиқлик билан айтиш керакки, агар Россия конфронтацияга (адоват) борса, уни жиддий оқибатлар кутади», деган Блинкен.
Лавров эса яна бир бор НАТОни Россия манфаатларини игнор қилишда, шунингдек, Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда айблади.
«Ҳарбий қарама-қаршиликнинг даҳшатли сценарийси қайтмоқда [...] Украина ҳарбий жиҳатдан кучайтирилмоқда [...] Альянснинг ҳарбий инфратузилмалари масъулиятсизлик билан Россия чегараларига яқинлаштирилмоқда, Руминия ва Польшада ракета ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштирилган, улар зарбдор комплексларга айланиши ҳам мумкин. Европа ҳудудларида америкаликларнинг ўрта масофага ҳаракатланувчи ракеталари пайдо бўлиши мумкин», дея Лавровдан иқтибос келтирган ТАСС.
Мавзуга оид
15:06
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024