Жаҳон | 10:38 / 05.12.2021
13009
2 дақиқада ўқилади

Киев Европани Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатларидан огоҳлантирди

Украина мудофаа вазири Алексей Резников Ғарб давлатларини Россияни Украинага “бостириб кириш фикри”дан қайтаришга чақирди. У Россия ва Украина ўртасида уруш юз бергудек бўлса, бу Европада инқирозга сабаб бўлиши, у ерга 3-5 млн украиналик қочқин “ёпирилиши”дан огоҳлантирди.    

Фото: Sergey Volskiy/AFP via Getty Images

“Украинадаги катта уруш бутун Европани инқирозга гирифтор қилади. Бу вазиятда Россия босқинидан нажот топиш мақсадида 3-5 млн қочқиннинг тўсатдан пайдо бўлиши Европа жамияти тўқнаш келадиган йирик муаммолардан биригина бўлади”, деб ёзган Резников Atlantic Council таҳлилий маркази учун мақолада. Унинг фикрича, ўртада бутун Европа тақдири турибди.

Вазир ихтилоф оқибатида пайдо бўладиган муаммолар қаторида Европага Россия ва Украинадан товарлар, жумладан ғалла етказилиши тўхташини ҳам мисол қилиб кўрсатган. Резниковнинг фикрича, бу бутун Европа учун озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги муаммоларга олиб келади. Бундан ташқари, Россиянинг ҳужуми “глобал беқарорлик”даги янги даврни очади.

Украина мудофаа вазири Россия ядро қуролидаги устунликдан ташқари, ҳарбий авиация, ракета тизимлари ва ҳарбий-денгиз кучлари борасида Украинадан устун эканини таъкидлаб ўтган. “Украина учун инсоний йўқотишлар фалокатли даражада бўлади. Россия ҳам катта йўқотишларга учрайди”, деб қўшимча қилган вазир. Унинг таъкидлашича, “Украинадаги фронтдан Россияга қайтувчи тобутлар”ни “Кремль цензураси” ҳам тўхтата олмайди.

Резников айни вақтда ихтилофнинг олдини олиш мумкинлигини айтган. Унинг фикрича, бунинг учун Москвага “Украинага ҳужум учун ҳақ жуда юқори” бўлишини уқтириш лозим.   

Жорий ҳафтада АҚШ ва Европадаги бир нечта нашр Россия 2022 йил бошида Украинага бостириб кириши мумкинлигини маълум қилган. ОАВнинг таъкидлашича, Россия бу мақсадда 175 минг ҳарбийни жалб қилишни режалаштирмоқда. Россия ташқи ишлар вазирлигида бундай мақолалар “Россияга жавобгарликни юклаш билан Украина атрофидаги вазиятни кескинлаштириш” деб аталган. Кремлнинг таъкидлашича, “бу жазава сунъий тарзда авж олдирилмоқда”.

Мавзуга оид