Бир муддат олдин Қорақалпоғистонда 2400 йиллик тарихий ёдгорлик ҳудуди қабристонга айлантирилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Хўжайли тумани ҳокими Женис Эрмашев Kun.uz’га изоҳ берди. Шунингдек, ҳоким тарихий ёдгорлик ҳудудида ерлар сотилаётгани борасидаги хабарларга ҳам батафсил тўхталди.

Хўжайли тумани “Миздакхон мажмуаси” ҳудудида жойлашган Ҳалифа Ражаб (Эрежеп) мақбараси тарихий ёдгорлиги ҳудудида янги қабрлар учун ерлар сотилаётгани хабар берилганди.

Хўжайли тумани ҳокими Женис Эрмашевнинг айтишича, ҳолатни ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган.

Унга кўра, “Миздакхон мажмуаси”даги Ҳалифа Ражаб (Эрежеп) мақбараси ёнига қўйилган қабристон марҳум Тулепов Уразбай Даниевичга тегишли эканлиги маълум бўлган.

Аниқланишича, марҳумнинг яқинлари "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги қонун талабларини бузишган. Аммо тарихий ёдгорликка зарар етмаган. Янги қабр ва тарихий обида оралиғи 10,5 метрли, қабр ўрнатилган жойда ҳеч қандай тарихий объект бўлмагани маълум бўлган.

Хўжайли тумани Женис Эрмашев “Миздакхон мажмуаси” ҳудудидаги ерлар қабристон учун сотилаётгани борасидаги хабарларга изоҳ берди.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Ҳокимга кўра, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳозиргача суриштирув ишлари давом этмоқда. Дастлабки текширув натижаларига кўра, марҳумнинг яқинлари уни дафн қилиш учун ҳеч кимга пул бермагани, ҳеч ким улардан пул сўрамагани, марҳумнинг яқинлари шу жойга дафн қилингани учун уни шу ерга ҳеч қандай рухсатсиз дафн қилингани маълум бўлган. Ҳолат бўйича махсус ишчи гуруҳ ўрганиш натижалари прокуратурага юборилган.

Женис  Эрмашевнинг аниқлик киртишича, “Миздакхон мажмуаси”нинг 6,4 гектар ҳудуди Маданий мерос агентлиги балансига берилган. Қабристонлар жойлашган ҳудуд эса Хўжайли туман ободонлаштириш бошқармасига берилган. Бошқарманинг қабристонга масъул 7 нафар ходимига "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги қонун талабларини бузишгани учун иш ҳақининг 20-30 фоизи жарима чораси кўрилган.