1 ноябрдан 30 ноябргача маданий мерос объектлари, давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарга ташриф буюрувчи кекса ёшдаги фуқаролар учун кириш чипталарига 50 фоизлик чегирма жорий этилади.

Қайд этилишича, ушбу акция “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида ўтказилмоқда.

“Мазкур ташаббус кекса ёшдаги фуқароларнинг тарихий обидалар ва музейларга ташриф буюриш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришини рағбатлантириш ҳамда мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишишларига кўмаклашишга қаратилган”, дейилади Маданий мерос агентлиги хабарида.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 1-сон мажлис баёнининг 7-бандида “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида маданий мерос объектлари ва давлат музейларига ташриф буюрувчилар учун чегирмалар эълон қилиш белгиланган.