Ҳукумат қарорига кўра, 2026 йил 15 ноябрдан «Халқ банки» АТ томонидан «Узагростар холдинг» компанияси таъсисчилигида «Бўзатов агростар» компанияси ташкил этилади.
Компаниянинг асосий вазифаси яйловларни ўзлаштириш, чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда чўл-яйлов ўсимликлари уруғларини гранулалаш, капсулалаш ва дронлар ёрдамида экишдан иборат бўлади.
Лойиҳа доирасида 10 та дрон, уларни ташиш учун махсус автотранспорт воситалари ва 2 та гранулятор харид қилинади. Шунингдек, мутахассислар дронларни бошқариш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича махсус курсларда ўқитилади.
2030 йил якунига қадар 100 минг гектар яйлов майдонига қандим, черкез, чўғон, балиқкўз, донашўр, шувоқ, изен ва чўл шароитига мос бошқа ўсимликлар уруғлари дронлар ёрдамида экилади.
Ер ижарачиларига ҳам енгиллик берилади
Қарорда белгиланишича, Қорақалпоғистонда 2022 йил 1 январдан 2023 йил 15 апрелгача очиқ электрон танловлар орқали ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича айрим ижарачиларга тўлов имтиёзи тақдим этилади.
Хусусан, қўшимча тўловларнинг жами миқдори ер участкасининг норматив қийматидан 4 баравар ва ундан юқори бўлган ижарачиларга норматив қийматнинг 1 бараварига тенг миқдордаги тўловни 3 йил давомида фоизсиз бўлиб тўлашга рухсат берилади.








