Ўзбекистон | 21:51 / 16.01.2022
60515
11 дақиқада ўқилади

Шимолдаги қўшҳокимлик якуни, жанубдан эсган шамол ва маҳаллий «қовун»лар. Ҳафтанинг асосий мавзулари

Сўнгги ҳафта давомида муҳокамалар марказида турган асосий мавзулар Kun.uz ҳафталигида.

Фото: Дела тонкие / Telegram.

Қозоғистондаги нотинчликлар ортидан бу ҳафта Александр Лукашенконинг баёноти энг шов-шувли мавзу бўлди. Беларус президенти Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Қозоғистон бўйича ўтказилган саммитида Ўзбекистонга очиқчасига таҳдид қилди.

Фото: Пул Первого / Telegram

«Қозоғистондаги воқеалар сабоқ бўлиши керак деганимиз ҳаммадан ҳам аввал Ўзбекистонга тааллуқли. Агар сабоқ олинмас экан, биздаги маълумотларга қараганда, уларнинг нигоҳи Ўзбекистонга ҳам қаратилган»,деди Лукашенко.

Бу баёнот КХШТга қайтариш учун Ўзбекистонга қилинган босим сифатида қабул қилинди. Лукашенконинг ўзи ҳам яхши тушунади: Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни Қозоғистондагига таққослаб бўлмайди. Қозоғистондаги тинч ва демократик намойишлар қон тўкилиши ва хунрезликка айланиб кетганига сабаб – у ердаги қўшҳокимият.

Кўплаб экспертларнинг фикрича, суюлтирилган газ нархи ошиши сабаб бошланган намойишлар Қозоғистондаги пишиб турган сиёсий бўлинишни, яъни элбоши Назарбоев ва президент Тўқаев кланлари ўртасидаги зиддиятни чуқурлаштириб юборган.

Намойишчиларнинг газ нархини пасайтириш талаби 4 январ куниёқ бажарилди, лекин энди улар бошқа нарсани – ҳокимиятга келганига 30 йилдан ошган Назарбоевнинг кетишини талаб қилаётганди. Турган гапки, бу талаб Тўқаевнинг фойдасига ишларди. Бошқача айтганда, президентда намойишлар баҳона Назарбоевнинг кадрларидан қутулиш имконияти туғилди.

Фото: Павел Александров / ТАСС

Тўқаев бу имкониятдан фойдаланди, у 5 январ кунининг ўзида кетма-кет учта муҳим қарорни қабул қилди: ҳукумат истеъфога чиқарилди, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, Назарбоевнинг узоқ йиллик сафдоши Карим Масиев ишдан бўшатилди, ва асосийси элбошига тегишли мансаб – Хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимига ўзини тайинлади.

Тахминларга кўра, Назарбоевнинг клани бу мағлубиятли позициясини, яъни ҳокимиятни қўлдан чиқараётганини жуда оғриқли қабул қилган ва бунга намойишларга кескинлик киритиш билан жавоб қайтарган: намойишчилар орасига агрессив одамлар киритилган, қурол-яроғ тарқатилган ва бошқа хунрезликлар содир этилган. Бундан ташқари, кучишлатар тузилмаларда Тўқаев жамоасининг буйруқларига атайин бўйсунмаслик кузатилган, натижада президент кескин вазиятда ҳарбий раҳбарларга ишонолмай қолган. Тўқаев айнан шу сабабли Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўрашга мажбур бўлгани тахмин қилинди.

Нима бўлганда ҳам, бу шошилинч қарор, яъни КХШТ қўшинларини чақиргани Қозоғистон президентининг халқ орасидаги обрўси ва сиёсий карьерасига доғ бўлиб тушгани аниқ. Ана шу доғни ювиш учундир балки, Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоқ халқига жуда катта ислоҳотларни ваъда қилди. У вазият изига туша бошлаган пайтда Қозоғистон парламентида қилган чиқишини айримлар инаугурация маросимлари учун махсус тайёрланадиган нутқларга қиёслади.

Тўқаев мазкур биринчи катта нутқидаёқ шахсан Назарбоевни очиқчасига танқид қилиб, жамиятда юзага келган тенгсизликда уни айблади:

«Биринчи президент туфайли мамлакатда жуда ҳам даромадли компаниялар гуруҳи ва ҳатто халқаро стандартлар бўйича ҳам бой одамлар қатлами пайдо бўлди. Қозоғистон халқига эҳтиром кўрсатиш, уларга тизимли ва мунтазам ёрдам бериш вақти келди, деб ҳисоблайман. Ҳукумат бу компанияларни аниқ белгилаб, улар билан махсус фондга йиллик бадаллар миқдорини келишиб олиши керак».

«Амалдаги тизим: «Дўстларга ҳамма нарса, қолганларга – қонун» принципи доирасида асосан йирик структураларга хизмат қилишга хосланган. Бу тизим иқтисодиётда олигополияни борган сари кучайтирмоқда. Йирик компаниялар алоҳида имтиёзлардан фойдаланиб, рақобатни ўлдиряпти ва ислоҳотларга тўсиқ бўляпти».

«Улар олий даражадаги кабинетларга кириш имкониятидан фойдаланиб, ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун имтиёзли шароитларни қўлга киритиб келишди. Бу лойиҳаларга давлат ресурслари йўналтириляпти, ваҳоланки бу ресурслар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун сарфланиши мумкин эди».

Тўқаевнинг бу баёнотлари йўқотилган обрўни тиклаш учун халққа ёқадиган гапларни айтишми ёки аввалроқ бу ишларни қилишига элбошининг клани тўсиқ бўлиб келганми, буни вақт кўрсатади. Ҳар ҳолда, бу баёнотлардан кўриниб турибдики, Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг даври тугади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев салкам 1 соат давом этган нутқини: «Янги Қозоғистонни бирга қурамиз» деган сўзлар билан якунлади.

***

Ўзбекистон шимолидаги вазият энди тинчиган пайтда жанубдан бироз салқинроқ шамол эсиб ўтди. Афғонистонни эгаллаганига ярим йил бўлиб қолган «Толибон» тарафидан таҳдидли мурожаат йўлланди.

Мавлавий Муҳаммад Ёқуб
Фото: TOLOnews

Сешанба куни Афғонистон Ислом Амирлиги мудофаа вазири ўринбосари мавлавий Муҳаммад Ёқуб Ўзбекистон ва Тожикистондан афғонларга тегишли самолётларни қайтариб беришни талаб қилди.

Бу ерда гап толиблар ҳокимиятга келган пайтда Афғонистон Ислом Республикаси ҳарбийлари қўшни давлатларга қочиб ўтган самолётлар ва вертолётлар ҳақида кетяпти.

Муҳаммад Ёқуб Ўзбекистон ва Тожикистон бу авиацион техникаларни қайтариб бериши шартлигини айтиб, акс ҳолда бу «оқибатсиз қолиб кетмаслиги»дан огоҳлантирди. «Бу самолётлар хорижда қолиб кетишига ва бу давлатлар томонидан фойдаланилишига йўл қўймаймиз», деган вазир ўринбосари.

У ҳарбий-ҳаво кучларининг Кобулда бўлиб ўтган машғулотлари вақтида шундай баёнот берган. Айрим маълумотларга кўра, ўтган йили Афғонистонда республика ҳукумати қулашидан олдин мамлакатда 164та ҳарбий самолёт бўлган, ҳозир эса улардан 81таси қолган.

Август ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Афғонистоннинг 22та ҳарбий самолёти ва 24та ҳарбий вертолёти Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани, уларда жами 585 нафар афғон ҳарбийси бўлганини маълум қилганди.

Афғонистон тарафдан келган огоҳлантириш толибларни дўст деб кўришимизга ҳали эрта эканини кўрсатадигандек. Чунки дўст дўстига таҳдид қилмайди.

***

Охирги йилларда сарказмларга сабаб бўлган изоҳлар анчагина кўп айтилди, энди эса унча-мунча кулгили баёнот ҳам одамлар эътиборини торта олмаяпти. Масалан, “Янги Ўзбекистон” боғидаги мана бу ҳолат.

Фото: Дела тонкие / Telegram.

Боғ маъмурияти берган изоҳга кўра, байрам кунлари боғга жуда кўп одам келгани сабабли йўлак мана шу аҳволга келиб қолибди. «[Байрам кунларида] тротуарлар одамлар билан тўлди, айримлар ҳатто майса устидан ҳам юришди», деди боғ дирекцияси вакили Миржалол Қосимов.

Боғни ўтган йили Мустақиллик байрамига мўлжаллаб битказишган эди. Очилганига ҳали ярим йил бўлмаган хиёбонда бошқа камчиликлар ҳам бор. Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб қурилган «Истиқлол» монументининг гипсдан ишланган безаклари кўча бошлаган.

Боғ вакилининг айтишича, айрим безаклар вақтинчаликка гипсдан қилинган ва улар 2 ой ичида бронзага алмаштирилади.

Давлат харидлари порталидаги ҳужжатларга қараганда, 104 гектарлик «Янги Ўзбекистон» боғи ва «Истиқлол» монументини қуришга 194 млрд сўм ажратилган. Хўш, бу йирик лойиҳа кимга топширилганди?

Очиқ манбаларга кўра, салкам 18 млн долларлик қурилишни MIMAR Group компанияси амалга оширган. Фирма директори Дилмурод Ғойипов ҳақида маълумот изланса, у Speedway Line номли бошқа бир компаниянинг эгаларидан бири (улуши 50 фоиз) экани келиб чиқади. Speedway Line'нинг юридик манзили ва телефон рақами Artel компаниясиники билан бир хил, электрон почтаси эса Artel компаниясининг расмий сайти – artelgroup.org доменида жойлашган.

2019 йилдаги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгалик қилган Dream Production компаниясини MIMAR Group'нинг ҳозирги раҳбари Дилмурод Ғойипов бошқарган.

Хуллас, ортиқча изоҳга ҳожат йўқ.

***

Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини кўтарилмоқда. Расмий статистика кунига яна юзлаб одамлар коронавирус юқтираётганини кўрсатяпти, “тез ёрдам”га чақириқлар ҳам кўпайган.

Касаллик тарқалиши тезлашганини кўпчилик ён-атрофидагилар шамоллашга чалинаётганидан сезиб турибди. Катта эҳтимол билан янги тўлқин омикрон Ўзбекистонга кириб келгани билан боғлиқ.

Бу штамм аввалгиларига қараганда супер-юқувчанлиги билан ажралиб турибди. 2021 йил декабр ойигача, яъни пандемия бошланганидан кейин ўтган салкам 2 йил давомида кунлик янги ҳолатлар сони бирор марта 1 миллионга етмаганди. Ҳозир эса дунё миқёсида кунига 3 миллиондан ортиқ одамда коронавирус аниқланяпти.

Шундай бўлса-да, яхши янгиликлар ҳам бор. Касаллик аввалгига қараганда анча енгил ўтяпти, ўлим даражаси ҳам анча камайган. Олимлар бунга бир неча сабаб кўрсатишяпти: одам организми бу вирусга қарши курашишни ўрганди, вакциналар ҳақиқатан ҳам ёрдам беряпти, бундан ташқари, вируснинг ўзи ҳар бир мутациядан кейин кучсизланиб боряпти.

Мутахассисларга кўра, омикрон штамми пандемия ниҳоят тугашидан дарак беряпти. Чунки ҳар сафар янги тўлқин рўй берганида коронавируснинг ўлим даражаси борган сари пасайяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам пандемиянинг охири кўриниб қолгани, лекин унгача ҳали яна бир нечта тўлқин бўлишини маълум қилди.

Омикрон сабабли Ўзбекистонда ҳам карантинга эътибор яна кучайди. Ўқувчилар ва талабалар учун таътил салкам 1 ой давом этадиган бўлди. Вазиятга қараб, таътилдан кейин дарслар онлайн бошланиши мумкинлигини инкор қилиб бўлмайди. 15 январдан бошлаб Қозоғистон билан чегара қисман ёпилди.

Махсус комиссия қарорига кўра, чет элдан Ўзбекистонга кириб келишда энди 72 соат эмас, камида 48 соат ичида олинган манфий ПЗР-тест натижасини кўрсатиш кераклиги айтилганди. Аммо Тошкент аэропортига келгандан кейин ҳам 5 долларга экспресс-тест олинмоқда.

***

Тошкентда ашаддий дарахткушлар пайдо бўлган. Юнусобод туманида, «Шаҳристон» метро бекати яқинидаги арчалар кечаси қора ниқобдаги шахслар томонидан кесиб кетилди.

Ҳаммо бало 18 дона қарағай экилган жой аукционга чиқиб кетганидан бошланган. Ерни аукцион орқали сотиб олган одам бу дарахтларни бошқа жойга кўчиришга рухсат беришни сўраб мурожаат қилган, лекин экологлар бунга рози бўлмаган. Шундан кейин ернинг эгаси «Дарахтларни кўчиришга рухсат бермай, менинг ҳуқуқимни бузишяпти» деган даъво билан экологлар устидан арз қилган. Суд бу даъвони рад этган.

Бир ой олдин номаълум кимсалар тунда 10 туп дарахтни ярмигача арралаб кетган эди. Ўшанда экологлар арраланган дарахтларни қуритмасдан сақлаб қолиш мақсадида Ботаника институти мутахассисларини жалб қилиб, агротехник тадбирлар қилганди.

Лекин 10 январга ўтар кечаси дарахткушлар яна кечаси, қора ниқобда пайдо бўлган. Одамлар арра овозини эшитиб чиққан пайтда улар 4 туп дарахтни кесиб улгурган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Ҳолат билан ички ишлар ва прокуратура шуғулланяпти.

Андижондаги ҳолат эса алоҳида мавзу.

Мавзуга оид