Русийзабон маҳаллий туристлардан бири тасвирга олиб тарқатган видеода кўринишича, Чор Минор мажмуаси ҳовлисидаги бостирма остида қўйлар учун қўтон қурилган ва бу жойда қўйларнинг қумалоғи ҳам кўзга ташланиб турибди. 4-5 чоғли жонивор эса ҳовлига ҳайдаб қўйилган.

Видеога жавобан Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси ўз муносабатини эълон қилди.

«Ўрганиш натижасига кўра, Чор Минор мадрасаси ва унинг атрофидаги ҳудуд айни пайтда озода экани, бу ерда ҳеч қандай қўйхона мавжуд эмаслиги ва видеода акс этган ҳолат ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди», — дейилади расмий муносабатда.

Бошқарма ўзининг 27 январ кунги раддиясида тасвир 2,5-3 йил аввал суратга олинганини ҳам даъво қилади ва мадраса жойлашган «Алишер Навоий» МФЙ раиси Шаҳноза Камолованинг сўзларини келтиради.

«Аёл 2,5 йилдан буён ушбу маҳаллада ишлаб келмоқда ва бу давр ичида кўрсатилган жойда қўйхона мавжуд бўлмаган, видеодаги ҳолат 3 йил олдин кузатилган», — дейилади бошқарма муносабатида.

Ҳолбуки, Kun.uz ўз суриштирувида аниқлашича, видеотасвир мутлақо янги — у 2022 йилда, январь ойида суратга олинган.

Видеода яққол кўринган, қўйлар учун қўтон сифатида фойдаланилган бостирма ости тозалаб қўйилган, охур ҳам қаёққадир йўқотилибди. Шунинг учун қўй тезагининг ҳиди келмаётганди. Бироқ тошдан тикланган деворда қўйларнинг ишқаланишидан қолган яғир излар ҳамон кўзга ташланиб турганди. Демак, яқин орада бу ерда қўй боқилгани ҳақиқатдан узоқ маълумот эмас.

Биз ушбу ҳудудда ишловчи ходимлардан бирини масала юзасидан суҳбатга тортдик. Шу мажмуада қоровул бўлиб ишлаётган Мансур Сафаровнинг айтишича, қўйлар икки бош бўлган. Маърака қилиб сўйиш учун 2 ойча илгари келтирилиб, шу ерга боғлаган.