Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида йўловчи ташишга мўлжалланмаган воситалар ҳаракати чекланади. Бу ҳақда Бухоро шаҳри ҳокими қарорида белгиланди.
Қарорда айтилишича, айрим ҳолларда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар соғлиғига, экскурсантларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид солувчи, маданий мерос объектлари ҳудудида рухсат берилмайдиган йўловчи ташиш воситаларида ҳаракат қилиши оқибатида зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бухоро шаҳрининг Арк қўрғонидан Пойи калон ансамбли, Ҳақиқат кўчаси бўйлаб, Лаби-ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда фуқаролар ва айрим юридик шахслар томонидан йўловчи ташишга мўлжалланмаган ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ келмайдиган ҳаракатланиш воситалари сони кескин ортган.
Бунинг оқибатида йўл ҳаракати иштирокчиси сифатида тартибсиз ҳаракатланишлар, ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишига хавф солаётгани ва пиёдаларнинг соғлиғига шикаст етказилиши билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўйилган.
Қарорга кўра, Арк қўрғонидан Пойи калон ансамбли, Ҳақиқат кўчаси бўйлаб, Лаби-ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаган йўловчи ташиш ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари, жумладан, электроскутер, рикша, мопед, 4 ғилдиракли велосипед, электросамокат, картинг, от ва туяда ҳаракатланишини чеклашга оид барча кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилади.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўловчи ташиш бўйича белгиланган талабларга жавоб бермайдиган воситалар орқали йўловчи ташишга йўл қўйилиши ҳолатлари учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланади.
Қарор 2026 йил 1 октябрдан бошлаб кучга киради.














