Давлат раҳбари «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Юқоридаги қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 234-моддаси бешинчи қисмидаги «уч йил» деган сўзлар «олти йил» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ушбу моддада айтилишича, болани парваришлаш таътилида бўлган даврда аёл ўз иш жойини (лавозимини) сақлаб қолади. Ушбу таътиллар иш стажига, шу жумладан мутахассислик бўйича иш стажига қўшилади. Аввалги таҳрирда жами уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат ҳисобга олинган, энди эса олти йилдан ортиқ бўлмайди.

«Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари янада мустаҳкамланиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддаси «Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун билан тасдиқланган янги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар ўз кучини сақлаб қолишига эътибор қаратиш лозим.