Олий таълимда дуал таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган фармонда талабаларни қўллаб-қувватлаш, корхоналарда мураббийлар тайёрлаш ҳамда олийгоҳ ва иш берувчиларни рағбатлантириш чоралари белгиланган.
Ижтимоий стипендия дуал таълимда таҳсил олаётган барча талабаларга эмас, айнан Ижтимоий реестрга киритилган талабаларга тўланади.
Қайси соҳаларда грантга ўтиш имконияти бўлади?
Қуйидаги таълим соҳаларида дуал шаклда таҳсил олаётган талабаларга иккинчи курсдан давлат гранти квоталари доирасида ўқишни давом эттириш имконияти яратилади:
муҳандислик иши;
ишлаб чиқариш ва ишлов бериш;
архитектура ва қурилиш;
қишлоқ хўжалиги.
Грант асосида ўқишни давом эттириш белгиланган квоталар доирасида амалга оширилади.
Ўқиш даври меҳнат стажига киритилади
Фармонга кўра, талабанинг дуал таълим шаклида таҳсил олган даври унинг умумий меҳнат стажини ҳисоблашда инобатга олинади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш истагини билдирган корхоналар учун махсус курслар ташкил этилади. Уларда талабаларга бириктириладиган мураббийлар тайёрланади.
Олийгоҳ ва корхоналар учун рейтинг юритилади
2027-2028 ўқув йили якунидан бошлаб дуал таълим бўйича олий таълим муассасалари ва буюртмачи корхоналарнинг самарадорлик рейтинги юритилади.
Энг юқори натижа кўрсатган учтадан ОТМ ва корхона рейтингдаги ўрнига қараб 1 млрд, 2 млрд ва 3 млрд сўм миқдорида рағбатлантирилади.








