Pepsi ичимлиги дунёнинг 200дан ортиқ мамлакатида истеъмол қилинади. Бу машҳур ичимликнинг ихтирочиси шимолий каролиналик Калеб Девис Бредем исмли шифокор бўлган. Ичимлик ҳазм қилишга ёрдам беришига ишонган Бредҳам уни 1898 йилдан дорихоналарда сота бошлайди. Ичимлик қисқа вақтда машҳурликка эришиши натижасида, 1902 йилда Pepsi компанияси ташкил топди.

Ўзбекистонда Pepsi компанияси совет даврида ҳам мавжуд бўлган, лекин 1993 йилда завод ёпилди ва қарийб 20 йил давомида Pepsi Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган. Фақатгина 2011 йил апрел ойида International Beverages Tashkent компанияси ташкил топиши орқали Pepsi Ўзбекистонга қайтади.

“2011 йилда ишлаб чиқаришни бошлашимизга қарамай, бозорга кириб келишимиз жуда қийин кечган, – дея эслайди компания ишлаб чиқариш директори Дилмурод Мухторов. – Ўша пайтлари халқимиз Pepsi'ни маҳаллий бренд билан адаштирарди. Ёлғон бўлмаса, 3 йил деганда у Aмерика бренди эканини одамларга етказдик.

Кейин Pepsi'га тегишли бошқа ичимликларни ҳам қўшиб боришга интилдик. 2012 йилда Mirinda, 7UP, 2013 йилда Lipton чойларини халқимизга етказа бошладик. Ишлаб чиқариш жараёнидаги қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида Россия, Қозоғистон мамлакатларидан мутахассисларни жалб қилдик”.

Кўрсатувни тайёрлар эканмиз, Pepsi заводида ишлаб чиқариш жараёнини босқичма-босқич ўрганиб чиқишга ҳаракат қилдик. Заводдаги 1-босқич 40 метр чуқурликдан олинадиган сувни қайта ишлашдан бошланади, ўз навбатида у ҳам майда босқичлардан иборат.

Кейин асосий ишлаб чиқариш бўлимига ўтдик. Бу ерда деярли барча ишлар махсус ускуналар ёрдамида бажарилиши, улкан завод тўлиқ автоматлаштирилгани сабабли ходимлар сони анча камлиги маълум бўлди. Тайёрланган қиёмга сув, газ қўшилиб, қадоқлаш, ёрлиқ ёпиштириш ишлари билан жараён якунланади.