Пул мукофотлари - харидорларни жалб қилиш воситаси

Pepsi Филиппин бозорига 1980-йилларнинг охирида кириб келганди ва рақобат деярли йўқ шароитда харидорларни реклама акциялари орқали жалб қилишга киришди. Бу акциялар пул ютуқлари билан боғлиқ эди. Танланган стратегия жуда яхши эди — Филиппинда одамлар жуда камбағал яшар, ойига 1500 песо яхши маош ҳисобланарди, компания эса 100–200 песолик совринлар берарди. Бу оила бюджети учун яхшигина қўшимча маблағ эди.

Бу харажатли иш деб ўйлайсизми? Ҳа, маълум маънода шундай, чунки ютуқлар ҳар қандай ҳолатда ҳам тўланиши керак, мабодо маҳсулотга талаб етарли бўлмаса, харажатлар қопланмаслиги аниқ. Аммо хавотирлар беҳуда бўлиб чиқди — Pepsi қисқа вақт ичида ўн миллионлаб филиппинликларнинг меҳрини қозонди ва мамлакат газли ичимликлар бозорининг қарийб чорак қисмини эгаллади. Даромадлар шунчалик катта эдики, компания молиявий аҳволидан хавотир олмасдан исталган танлов ва лотереяларни ўтказиши мумкин эди. Pepsi раҳбарияти ҳам 1992 йилгача шундай деб ўйларди, аммо кейин фалокат юз берди...

“Бугун сиз миллионерга айланишингиз мумкин!”

1992 йил февралида Pepsi Philippines (PCPPI) компанияси Pepsi, 7-Up, Mountain Dew ва Mirinda ичимликлари шишалари қопқоқларининг ичига 001 дан 999 гача бўлган рақамлар босиб чиқарилишини эълон қилди. Pepsi’нинг бир неча ҳафта давомида Филиппин газеталари, радио ва телевидениесида намойиш этилган рекламалари жуда оддий ва тушунарли эди: “Бугун сиз миллионер бўлишингиз мумкин!”

Ютуқли рақамлар учун 100 песодан (қарийб 4 АҚШ доллари) бошлаб пул мукофоти олиш мумкин эди. Бош мукофот эса 1 миллион песо эди. Бу 1992 йилда 40 минг АҚШ долларига яқин бўлиб, ўша пайтда Филиппиндаги ўртача ойлик маошдан 611 баробар кўп эди.

Филиппинликлар зиқна эмас, ҳатто маълум маънода сахий ва содда одамлар, аммо улар ҳам бошқалар каби яхши яшашни яхши кўришарди. Катта бойлик илинжида оилалар деярли барча пулларини газли ичимликка сарфлай бошлашди. Ҳар тонг одамлар ютуқли қопқоқ чиқишини сўраб дуо қилишар, ҳар кеч эса телевизор атрофида йиғилиб, дуолари ижобат бўлган-бўлмаганини аниқлашарди. Ахир ҳазил гапми, 1 миллион песо топиш учун ўртача филиппинлик 50 йил ишлаши керак эди!

dzen.ru

Pepsi совринлар учун жами 2 миллион доллар ажратганди. Маркетинг мутахассиси Педро Вергара Pepsi Number Fever акциясини илгари Лотин Америкасида ўтказилган ва муваффақият қозонган акциялар асосида ишлаб чиққанди.