Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда она айиқ ва унинг икки боласи тириклиги, ўлдирилган айиқ боласи бошқа экани маълум қилинди
Маълум бўлишича, она айиқ ва унинг икки боласини 22 апрелда кузатишган. Бошқа бир айиқ боласи эса 5 апрел куни ўлдирилган.
Бундан бир неча кун аввал Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида чўпонлардан бири она айиқ ва унинг икки боласини кўриб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда айиқ болаларидан бирининг ўлдирилгани тасвирланган видеолавҳа пайдо бўлди.
Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борган Экология қўмитаси Қашқадарё вилояти ходимлари видеолавҳада ўлдирилган айиқ боласини ушлаб турган шахс Деҳқонобод тумани “Оққишлоқ” МФЙ ҳудудида яшовчи К.Ш. экани, унинг уйидан айиқ боласининг териси топилгани ҳақида хабар берди.
Шунингдек, қўмита матбуот хизмати айиқ боласи ўлдирилишида Жиноят кодексининг 202-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги сабабли, тўпланган ҳужжатлар Деҳқонобод туман ИИБга ўтказилганини маълум қилди.
Қўмита матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаевнинг маълум қилишича, Деҳқонободда учраган она айиқ ва унинг икки боласи тирик. Айиқ боласининг ўлдирилиши эса туманнинг бошқа ҳудудида содир бўлган.
Жумладан, айиқ ва унинг болаларини суратга олган шахс Теракли маҳалласида яшовчи 22 ёшли Арслон Бўронов эканлиги аниқланган. У она айиқ ва унинг болаларини 22 апрель куни кечки пайт суратга олган.
Деҳқонобод тумани экология инспекторлари ва туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган суриштирувда аниқланишича, айиқ боласининг ўлдирилиши 5 апрел куни, Деҳқонобод Давлат ўрмон хўжалигининг Қизилсой ўрмон бўлимида содир этилган.
Она айиқ ва болалари тирик экани ва ўлдирилган айиқ боласи бошқа ҳолат эканини Kun.uz‘га Қашқадарё вилоят экология бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Карима Ёдгорова ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, она айиқ ва унинг болалари тирик эканлиги аниқ бўлган бўлса-да, 5 апрел куни ўлдирилган айиқ боласи билан содир бўлган ҳолат юзасидан ўтказилаётган суриштирувлар давом эттирилади ва айбдорлар тегишли жазосини олади.