2017 йил давлат раҳбари ташаббуслари билан, кейинчалик «Наманган» ЭИЗ ҳудудидан корхонага 15 гектар ер майдони ажратиб берилган. Корхона таъсисчилари томонидан трикотаж матоси тўқиш, бўяш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси тузилиб, уни бир неча босқичда амалга ошириш режалаштирилган эди.


2018-2020 йиллар оралиғида лойиҳанинг 1- ва 2- босқичлари тамомланиб, унга кўра чет давлатлардан сўнгги турдаги технологик ускуна ва дастгоҳлар келтирилган бўлиб, трикотаж матоси тўқиш ва бўяш цехлари фойдаланишга топширилган. Бу мақсадда жами 10,5 млн доллар инвестиция маблағлари сарфланиб, 550 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган ва жами иш ўринлари сони 1300 га етган. Эътиборлиси, корхона биноларига кўп материаллар сарфланмай, ангар усулида барпо этилган. Натижада қурилишнинг ўзидан 6 миллион доллар иқтисод қилинган.


2021 йилнинг 18 февралида давлат раҳбари Наманган вилоятига ташрифи доирасида корхона фаолияти билан танишиб, ангар усулидаги қурилишига юқори баҳо берган. Шу билан бирга тезроқ 3-босқични хам ишга тушириб, янада кўпроқ янги иш ўринлари яратиш вазифасини белгилаган.
Кеча, 2022 йилнинг 5 май куни, корхона томонидан 3,5 миллион доллар эвазига яна ангар усулида қурилган янги бино фойдаланишга топширилди. Бу корхонанинг 3-босқичда амалга оширган кенгайиши ҳисобланади. Натижада яна 700 киши ишли бўлади, жами иш ўринлари 2000 тага етди.


Таъкидлаш жоизки, учала босқич учун сарфланган жами 14,0 млн долларнинг 11,0 млн доллари корхона таъсисчилари, яъни маҳаллий инвесторнинг ўз маблағи ҳисобидан молиялаштирилган.
Корхона жорий йил якунига кўра, жами 20,0 млн долларлик экспорт қилиш каби юксак маррани кўзламоқда. Бу ўтган 2021 йилга нисбатан 45 фоизга кўп.













