Тошкент шаҳридаги Hilton Tashkent City меҳмонхонасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ташкилотчилигида III Ўзбекистон – Россия медиа форуми бўлиб ўтмоқда. Унда давлат органлари, етакчи медиаҳолдинглар, IT-сектор ва креатив индустриянинг масъул вакиллари бўлган 200 дан ортиқ киши қатнашмоқда.
Ўзбекистон президенти администрацияси коммуникациялар департаменти раҳбари – президент матбуот котиби Шерзод Асадов форум очилиш маросимида чиқиш қилиб, замонавий ахборот дунёсидаги глобал таҳдидлар, Ўзбекистон медиамаконидаги туб ўзгаришлар, шунингдек, икки давлат касбий ҳамжамиятлари олдида турган тўртта стратегик йўналишнинг моҳиятини очиб берди.
Ўзаро ишонч ва юқори даражадаги мулоқот натижаси
Шерзод Асадов ўз нутқи аввалида ушбу форум шунчаки муҳокамалар майдони эмас, балки икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мустаҳкам стратегик шерикликнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади:
«Бугунги форум мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юксак даражада экани кўринишидир. Бу алоқалар заминида етакчиларимиз – президент Шавкат Мирзиёев ва президент Владимир Путиннинг дўстлиги ва ўзаро ишончи мужассам. Айнан давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси, уларнинг доимий ва ишончли мулоқоти иқтисодиёт ва энергетикадан тортиб маданият, таълим ва, албатта, медиа соҳасигача бўлган барча соҳалардаги ҳамкорлигимизга фаол суръат бағишламоқда».
Ортга қайтмас ислоҳотлар
Президент матбуот котиби бугунги кунда ахборот шунчаки янгиликларни етказиш воситаси эмас, балки давлат тараққиёти, халқаро майдондаги ишонч ва глобал кун тартибини белгиловчи стратегик омилга айланганини таъкидлаган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон миллий медиамаконида амалга оширилган ислоҳотлар рақамларда келтирилди.
Хусусий секторнинг ўсиши: мамлакатда фаолият кўрсатаётган 2 700 та ОАВнинг 67 фоизи хусусий капитал ҳиссасига тўғри келади. Бу миллий ахборот маконини либераллаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганидан далолат беради.
Мутолаа маданияти қайта тикланиши: жорий йилнинг ўзида нашриёт соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми икки баравар кўпайди: умумий адади 60 миллион нусхадан ортиқ бўлган 15 минг номдаги китоблар нашр этилди.
«Дунёда босма матнга ишонч пасайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон одамларни китобга яқинлаштириш ва мутолаа завқини сингдириш йўлини танлади», – дея қайд этади Шерзод Асадов.








