Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.
Қишлоқ хўжалигига таъсири. Ҳафта бошида кутилаётган ёғингарчилик тупроқда нам захирасини ошириб, кузги буғдойнинг униб чиқиши ва дастлабки ривожланиши учун қулай шароит яратади. Айниқса, ёмғир кутиб турган лалми майдонлар учун бу муҳим.
Бироқ кучли ёмғирлар пастқам майдонларда сув тўпланиши ва тупроқ ювилишига сабаб бўлиши, дала ишларини вақтинча қийинлаштириши мумкин. Кейинги кунларда ҳавонинг совиши кутилаётгани боис, боғ ва токзорларда ҳам маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, зарур ҳимоя чораларини кўриш мақсадга мувофиқ.
Аҳоли саломатлигига таъсири. Нам ва шамолли об-ҳаво, унинг ортидан ҳароратнинг пасайиши, айниқса, кексалар, болалар, астма ва юрак-қон томир касалликлари бор кишилар учун ноқулайлик туғдириши мумкин.
Об-ҳавога мос кийиниш, ёмғирда ҳўл бўлган кийимни алмаштириш ва куннинг совуқ соатларида очиқ ҳавода узоқ қолмаслик тавсия этилади. Тоғли ҳудудларда эса кучли ёғингарчилик пайтида сел хавфини ҳам ҳисобга олиш лозим.



