Транспорт вазири биринчи ўринбосари Маманбой Омаров Хитой компанияси беш мингта автомобил билан Ўзбекистон такси бозорига киришни режа қилгани ҳақида маълум қилди. У бу ҳақда Spot нашрига берган интервюсида айтиб ўтган.

Омаров компания номини очиқламаган, бироқ у бозорда ўз иловасини ҳам ишга туширишни режалаштираётгани ҳақида таъкидлаган.

Kun.uz ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов билан боғланди.

У Хитой компанияси такси бозорига кираётгани ҳақиқат эканлигини маълум қилди.

“Компания ўз автомобиллари билан кириб келиши рост, аммо ҳайдовчилари билан эмас. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги 200-сон қарорига кўра, республикамизда йўналишсиз такси бозорида фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хизмат кўрсатиши мумкин”, — деди Ашурматов.
Image

Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобил транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарор иловасида йўналишсиз такси ҳайдовчиси Ўзбекистон фуқароси бўлиши, камида 21 ёшга тўлган, «Б» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига, камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга ва тиббий кўрикдан ўтган бўлиши кераклиги белгиланган.

Шу билан бирга вазирлик расмийси айнан қайси Хитой компанияси Ўзбекистон такси бозорига кираётганини очиқламади.

Очиқ маълумотларга кўра, таъсисчиси Хитой фуқароси бўлган «DiDi taxi» МЧЖ 2025 йил декабрида рўйхатдан ўтгани кўрсатилган. Бироқ ушбу юридик шахс айнан Ўзбекистон бозорига кираётган компания экани ҳозирча тасдиқланмаган.

Image

Маълумот учун, DiDi Хитойнинг энг йирик такси компанияларидан бири саналади. У Хитойдан ташқари 14 та мамлакатда фаолият юритади. Халқаро фаолияти асосан Лотин Америкаси ва Осиё-Тинч океани минтақасига тўғри келади.