Жамият | 17:02 / 06.05.2022
13844
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда кучли сел Жигули ва Labo машиналарини оқизиб кетди

3-5 май кунлари ёғган ёмғирлар оқибатида оққан селларда Сурхондарёда Nexia-3, Жиззахда Damas машиналари оқиб кетганди.

Фото: Қашқадарё вилояти ФВБ

Ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод тумани Тоғайтемир маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи сойда кучли сел келиб иккита машинани оқизиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати юқоридаги ҳолатлар бўйича маълумот берди.

Унда маълум қилинишича, 2022 йил 5 май куни соат 16:00 лар атрофида Деҳқонобод тумани Тоғайтемир маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи сойда кучли сел келиши кузатилган. Аммо ушбу селда машиналар оққани тўғрисида туман ФВБ туман қутқарув бўлимига хабар келиб тушмаган.

Соҳа вакиллари томонидан воқеа жойи ўрганилганда Деҳқонобод тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган фуқаро А.Ў.га тегишли давлат рақами 70 Л 941 ОА бўлган ВАЗ 2106 Жигули машинасини сел оқизиб кетгани маълум бўлган.

Фото: Қашқадарё вилояти ФВБ

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида бутунлай яроқсиз ҳолга келган Жигулини маҳаллий аҳоли ёрдами билан селдан чиқариб олинган. Ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва аҳоли хонадонларига зарар етмаган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Тоғайтемир маҳалласи бўйлаб оққан селда Labo машинаси ва унинг ҳайдовчиси оқиб кетгани айтилган хабарлар тарқалди. Хабарда айтилишича, бу бўйича ҳам туман ва вилоят ФВБга хабар келиб тушмаган.

Ҳодиса юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва унинг натижалари ҳақида хабар берилиши маълум қилинган.

2022 йил 3 май куни ёғиб ўтган ёмғирлар Сурхондарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида кучли селларни келтириб чиқарди. Сел енгил машина ва чорва молларини оқизган. Бундан ташқари, юқори кучланишли электр линияси темир устунини йиқитганди.

“Ўзгидромет” 3-5 апрел кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Аввалроқ, 2022 йил 20 апрел куни ёғган ёмғирлар Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида кучли селлар келишига сабаб бўлган. Оқибатда, айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланганди.

Фориш туманида 4 нафар фуқаро (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) сел оқизиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган. Ушбу туманда бир нечта қишлоқни сел босган, хонадонлар сув остида қолган, машиналарни сув оқизганди.

Бундан ташқари, 5 май куни тунда ёғган кучли ёмғир Узун тумани “Мустақилликнинг 22 йиллиги” МФЙга қарашли Тоштепа қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Ўрта ариқ каналида сув миқдори меъёридан ошиб кетган. Оқибатда сел сувлари каналдан тошиб чиқиб, унга яқин жойлашган 40 га яқин аҳоли уйлари, томорқалари ва Деҳқон маҳалласида 15 та аҳоли томорқаларига кирган.

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тоштепа қишлоғидаги 40 та хонадонда яшовчи 230 дан ортиқ фуқаро вилоят ФВБ, ИИБ, Миллий Гвардия ҳамда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари билан ҳамкорликда туманда жойлашган 19-сонли умумтаълим мактабига вақтинчалик кўчириб ўтказилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид