Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурхондарёда 40 дан ошиқ хонадонни кучли сел босди, 230 нафардан зиёд одам эвакуация қилинди
Кучли сел аҳоли хонадонлари ва томорқаларига кирган. ФВБга фуқаролар тан жароҳат олиши ҳолатлари тўғрисида маълумот келиб тушмаган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 5 май куни соат 23:00 ларда Сурхондарё вилояти Узун туманида тоғ ва адирликларида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида “Мустақилликнинг 22 йиллиги” МФЙга қарашли Тоштепа қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Ўрта ариқ каналида сув миқдори меъёридан ошиб кетиши натижасида каналдан тошиб чиққан. Сўнг каналга яқин жойлашган 40 га яқин аҳоли уйлари, томорқалари ва Деҳқон маҳалласида 15 та аҳоли томорқаларига кирган.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тоштепа қишлоғидаги 40 та хонадонда яшовчи 230 дан ортиқ фуқаро вилоят ФВБ раҳбарияти бошчилигида қутқарувчилар, ички ишлар, Миллий Гвардия ҳамда вилоят ҳокимияти масъул ходимлари билан ҳамкорликда туманда жойлашган 19-сонли умумтаълим мактабига вақтинчалик кўчириб ўтказилган.
Ҳодиса оқибатида фуқароларнинг тан жароҳат олиши ҳолатлари тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Вазият тўлиқ ФВВ назоратида.
Қайд этилишича, ҳозирда воқеа жойида хонадонма-хонадон юриб, ҳолатнинг кўлами ва талафотларни аниқлаш, махсус техникалар ёрдамида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
2022 йил 3 май куни ёғиб ўтган ёмғирлар Сурхондарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида кучли селларни келтириб чиқарди. Сел енгил машина ва чорва молларини оқизган. Бундан ташқари, юқори кучланишли электр линияси темир устунини йиқитганди.
“Ўзгидромет” 3-5 апрел кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.
Аввалроқ, 2022 йил 20 апрел куни ёғган ёмғирлар Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида кучли селлар келишига сабаб бўлган. Оқибатда, айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланганди.
Фориш туманида 4 нафар фуқаро (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) сел оқизиб кетиши натижасида ҳалок бўлган. Ушбу туманда бир нечта қишлоқни сел босган, хонадонлар сув остида қолган, машиналарни сув оқизганди.