Жаҳон | 09:14 / 09.06.2022
7181
3 дақиқада ўқилади

Байден Америка саммитини демократия учун бирлашишга чақириқ билан очди 

Жиддий кун тартибига қарамай, Америка саммити аввалроқ иштирокчилар рўйхати бўйича узоқ давом этган мунозаралар соясида қолмоқда. Байден йиғилганларни демократия учун бирлашишга чақирди.

Фото: AP / Evan Vucci

АҚШ президенти Жо Байден Америка саммити очилишида бутун дунё бўйлаб демократияга таҳдид ҳақида гапириб, ушбу хавф-хатарларга қарши туришга чақирди. Америка етакчиси 8 июнь, чоршанба куни Лос-Анжелесда тегишли баёнот билан чиқди.

«Дунё бўйлаб демократия ҳужумга учраган бир вазиятда, келинг, яна бирлашамиз ва демократия нафақат белгиловчи хусусият, балки Америка келажагининг муҳим таркибий қисми эканига ишончимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», деди Байден.

«Ушбу саммит давомида биз дадил ғоялар, улуғвор ҳаракатлар атрофида бирлашиш ва халқларимизга демократиянинг ақл бовар қилмайдиган қудратини намойиш этиш имконига эгамиз», — дея қўшимча қилди у.

Америка раҳбари 10 июнга қадар давом этадиган тадбирдан Шимолий, Марказий ва Жанубий Америка ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланмоқчи. Учрашувда миграция, энергетика ва иқлим ўзгариши масалалари бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.

АҚШ аллақачон Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси учун 500 000 нафар шифокор ва ҳамшираларни тайёрлашни эълон қилган.

Бундан ташқари, «иқтисодий фаровонлик бўйича Америка ҳамкорлиги» минтақада таъминот занжирларини кучайтириши, инвестицияларни соддалаштириши ва қайта тикланадиган энергия соҳасида иш ўринлари яратиши керак.

Катта кун тартибига қарамай, саммит олдидан иштирокчилар рўйхати бўйича узоқ давом этган муҳокамалар соясида қолди.

Байден маъмурияти бир қатор авторитар давлатлар президентларини таклиф қилмади: Куба - Мигел Диас-Канел, Никарагуа - Даниэл Ортега, шунингдек, Венесуэла раҳбари - Николас Мадуро.

Натижада бир қанча сиёсатчилар – Мексика президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадор, Боливия – Луис Арсе ва Ҳондурас – Сиомара Кастро – бирдамлик туфайли ўз иштирокини бекор қилди. Бундан ташқари, Гватемала, Уругвай ва Сальвадор раҳбарлари - Алехандро Жамматтеи, Луис Лакалье Поу ва Найиб Букеле, шунингдек, Кариб ҳавзасининг икки кичик давлати учрашувда қатнашмади.

Мексика ва Марказий Американинг АҚШ жанубий чегарасидаги миграция инқирозини ҳал қилишдаги аҳамияти ҳисобга олинса, бойкот Байден учун дипломатик муваффақиятсизликдир, деб ёзади Dpa агентлиги.

Америка саммитлари - 30 дан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирган Америка давлатлари ташкилоти шафелигида бир неча йилда бир марта ўтказиладиган Ғарбий яримшар мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарларининг учрашувлари. Бу йилги йиғилиш АҚШ томонидан Лос-Анжелесда ўтказилмоқда. 

Мавзуга оид