Россия ташқи Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио Филиппинда, АСЕАН (АҚШ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси) саммити доирасида Россия-Украина урушини якунлашга бағишланган музокаралар ўтказди.

Учрашув якунларига кўра, Рубио Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасида ўтган йил ёзида Анкорижда ўтказилган саммит Украинада тинчлик ўрнатишга ёрдам бермаганини тан олган ва шундай деган: можарони тинч йўл билан ҳал этиш учун «янги ғоялар» керак бўлади.

У олдинги музокараларда муҳокама қилинган таклифлар «Украина учун қабул қилиб бўлмас таклифлар» бўлгани, «ҳозир ҳам вазият ўзгармагани, энди Украина бу таклифларни умуман қабул қилмаслиги»ни таъкидлаган.

Рубио охирги жумла орқали айнан нимани назарда тутганига аниқлик киритмаган. Йил бошида Россия ва Украина ўртасида бўлиб ўтган расмий музокаралар чоғида томонлар Донбасс мақоми бўйича келиша олмаганди: ОАВнинг ёзишича, музокаралар давомида таклиф қилинган турли муросага келиш вариантларига қарамай, Россия Донецк областини тўлиқ ўз назоратига олмоқчи эканини билдирган, Украина эса бу вариантни қатъиян рад этган.

Лавров Рубио билан учрашувдан кейин очиқ баёнот бермади. РФ ТИВ вазирлик раҳбари «америкалик ҳамкасбига ҳарбий тўқнашув чизиғидаги ҳақиқий вазият ҳақида маълумот етказгани» ҳақидаги расмий пресс-релиз билан чекланди, шунингдек, Лавров Рубиога Европа мамлакатларининг беқарорлаштирувчи сиёсати»дан шикоят қилган.

Томонларнинг баёнотларига кўра, Рубио ва Лавров ўртасидаги музокараларда бирор ютуққа эришилмаган
Фото: EPA

Лавров ва Рубио учрашувидан бир неча соат олдин Украина президенти Володимир Зеленский Трампнинг махсус вакиллари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф билан телефон орқали мулоқот қилганди. Бу бўйича ҳам ҳеч қандай тафсилот ошкор этилмади: Украина президенти бу «дипломатияни фаоллаштириш ва тинчликни яқинлаштириш ҳақида муҳим суҳбат» бўлганини айтиш билан кифояланди.

Кейинроқ Зеленский суҳбат чоғида америкалик воситачилар кейинги музокараларнинг «бир неча вариантларини қисқача тақдим этгани»ни айтди. У яқин келажакда АҚШ вакиллари билан бу вариантларни муҳокама қилишга умид қилишини қайд этган.

Ўз навбатида, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокаралар ҳақидаги янгиликлар фонида «ортиқча оптимизмга берилмаслик»ка чақириб, «янги динамика ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқлиги»ни таъкидлади. Шу билан бирга, у Москва Кушнер ва Уиткофф билан алоқада экани ва улар тез орада Москвага келишига умид қилаётганини айтди, бироқ аниқ муддатларни келтирмаган.

Россия ва Украина ўртасидаги расмий музокаралар АҚШ воситачилигида январ-феврал ойларида бўлиб ўтган, аммо Яқин Шарқда уруш бошлангач, музокаралар тўхтаб қолганди, чунки Кушнер ва Уиткофф энди Эрон билан музокараларга жалб этилди. Россия ҳам, Украина ҳам ўтган вақт давомида тинчлик музокаралари тарафдори эканини таъкидлаб келишди.

Бир неча кун олдин Озарбойжонга бир вақтнинг ўзида Россия Федерацияси собиқ бош вазири, президентнинг махсус вакили Виктор Зубков ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеев, шунингдек, Германиянинг Бранденбург ери собиқ бош вазири Маттиас Плацек ҳамда Федерал канцлер идорасининг собиқ раҳбари Роналд Пофалла келганди. ОАВ улар урушни тугатиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиши мумкинлигини тахмин қилган, буни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳам билвосита тасдиқлаган.

Музокараларни қайта бошлашга уринишлар Москвадан Владимир Путиннинг ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга тайёрлиги ҳақидаги норасмий хабарлар келиши фонида кузатилмоқда.

Reuters агентлигининг Кремлга яқин манбалари июл ойи бошида Путин Донбассни босиб олиш масаласида «муросасиз позицияни эгаллагани» ва фронт чизиғини музлатиб, ўт очишни тўхтатиш асосида муросага келишни таклиф қилган маслаҳатчиларни танқид қилганини хабар қилганди. Bloomberg эса шу кунларда Россия тинчлик келишуви доирасида Украинага Суми ва Днипропетровск областларида босиб олинган ҳудудларни қайтаришни режалаштирмаётгани ҳақида ёзди.