Ҳусийчилар Қизил денгизда Encelia ва Layla номли танкерларига ракета ва дронлар билан зарба берганини маълум қилган. Гуруҳнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари ҳужумни денгиз блокадасини бузишга жавоб деб атади ва ҳарбий-денгиз операциялари давом эттирилишига ваъда берди.

Саудиядаги SPA давлат ахборот агентлиги расмий манбага таяниб, Encelia танкери зарбага учрагани, бунинг натижасида унинг бурун қисмида ёнғин чиққанини хабар қилган.

Буюк Британия денгиз савдо операциялари бошқармаси (UKMTO) маълум қилишича, Саудия Арабистонининг Ал-Шукайка шаҳридан тахминан 130 км узоқликда турган танкерга Гринвич вақти билан соат 20:00 да снаряд келиб тушган. Ёнғин чиққан, қурбонлар йўқ, дейилади хабарда.

Британиянинг Vanguard денгиз хатарларини бошқариш гуруҳи ҳам Саудия Арабистонининг Encelia танкерига снаряд текканини маълум қилди. Layla танкерига ҳам ҳужум қилинган ҳақидаги хабарлар ҳозирча тасдиқланмади.

Ҳусийчиларнинг Саудия танкерларига ҳужуми ҳақидаги хабарлар ортидан нефт нархи 4,2 фоизга ошиб, бир баррел учун 98 долларга етган. Бу июн ойи бошидан буён кузатилган энг юқори нарх ҳисобланади. Ой бошидан буён эса нефт нархи 30 фоиз атрофида ошган.  

Бу Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳ Саудия Арабистонига қарши «денгиз эмбаргоси» эълон қилганидан кейинги биринчи ҳужум бўлди.

Душанба куни Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийчилар қуролли кучлари Саудия Арабистони кемаларига қарши блокада эълон қилганди. Айрим таҳлилчилар фикрича, блокада Теҳроннинг АҚШга таъсир ўтказиш учун тактик қадами бўлган, деб ёзади Reuters. Эрон июл ойида Вашингтонни сулҳ меморандумини бузишда айблаб, Ҳўрмуз бўғози блокадасини тиклади.

Чоршанба куни бешта танкер Баб ал-Мандаб бўғозидан ўтмаслик учун Қизил денгиздаги йўналишларини ўзгартирди. Ҳусийчилар бўғоз яқинидаги ҳудудларни назорат қилмоқда. Сешанба куни Саудия Арабистони нефти ортилган ҳамда Хитой ва Ҳиндистонга кетаётган учта танкер ортга қайтди.

Пентагон вакили таъкидлашича, бир неча ой давомида урушда деярли иштирок этмаган ҳусийчилар ҳужумга ўтиши Эронга бориб тақалиши мумкин, деб ёзади Axios.

Нашр манбасига кўра, Эрон ҳусийчилардан Форс кўрфазига қўшимча равишда Қизил денгизда янги фронт очиш ва нефт ташишнинг яна бир муҳим халқаро йўналишига босим ўтказиш учун фойдаланмоқчи.

Ҳар куни Саудиянинг миллионлаб баррел нефти Ҳўрмуз бўғози орқали ўтмаслик учун Қизил денгиздаги Янбу портига юборилади. Агар Қизил денгиз ҳам тўсилса, фақат Сувайш канали орқали ўтадиган шимолий йўналиш қолади, бу эса йўл вақтини анча узайтириб юборади ва харажатлар ошишига олиб келади, деб ёзади Reuters.