Июн ойида Солиқ қўмитаси картадан картага пул ўтказмаларини назоратга олишга доир навбатдаги қарор лойиҳасини муҳокамага қўйган эди. Унда шахсий банк картасига бошқа жисмоний шахслардан ойига 500 БҲМ (206 млн сўм)дан ортиқ маблағ келиб тушган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар солиқ органига тақдим этиб борилиши кўзда тутилган.

Расмий порталда ўз фикрини қолдирган кўплаб ўзбекистонликлар лойиҳага қарши эканини билдирган.

Кейинроқ Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев Kursiv нашрига берган изоҳида таклиф этилаётган тартибни Конституцияга зид деб ҳисоблашини маълум қилди.

Турдалиевга кўра, бу ҳужжат лойиҳаси тасдиқланган тақдирда, фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган банк сирига оид ҳуқуқлари бузилишига, нақд пулдан фойдаланишнинг кўпайишига, маблағларнинг банк тизимидан норасмий муомалага чиқиб кетишига ва яширин иқтисодиёт кўламининг ортишига олиб келиши мумкин.

Бунга жавобан Солиқ қўмитаси баёнот билан чиқиб, Марказий банкнинг позициясини ҳурмат қилиши, лекин таклиф этилаётган лойиҳа фуқароларнинг шахсий ўтказмалари устидан оммавий назорат ўрнатишни англатмаслигини таъкидлади.

Kun.uz мавзунинг ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатларини солиқ маслаҳатчилари Дилмурод Усмонов ва Ёрқин Абдуллаев билан муҳокама қилди.

“Айрим тадбиркорларни деб мутлақ ҳамманинг картасини назорат қилиш қанчалик тўғри?”

Ёрқин Абдуллаев: Марказий банк ўзининг позициясини билдирганида, Конституциянинг 41-моддасига урғу берди. Унда ҳар бир шахс мулкдор бўлишига ҳақли, банк операцияларининг ва омонатлар, ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади, дейилган. Бу ерда Марказий банк назорат қилувчи орган ва у эртага банк мижозларининг банкларга бўлган ишончсизлиги ортиб боришини хоҳламайди.

Солиқ қўмитаси эса “Банк сири тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига асосланяпти. Бу моддада банк сирини ташкил этувчи маълумотлар банк мижозига солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонунчиликка мувофиқ солиқ органига тақдим этилиши белгиланган.

Ҳозир, масалан, қарз олди-берди масалалари нақд пул шаклида эмас, картадан картага пул ўтказиш орқали амалга оширилиши оммалашиб боряпти. Бирор танишингиздан пул сўрасангиз, у саноқли дақиқалар ичида пул ўтказиб бериши мумкин...

Тўғри, савдо соҳаси, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш соҳасидаги айрим тадбиркорлар савдо қоидаларини бузиб, пулни картасига тушириб оладиган ҳолатлар бор, лекин шу сабаб билангина барча банк мижозларининг карталарини назорат қилиш қанчалик тўғри? Эртага буни назорат қилиб, солиқ органининг ходимига рўйхат бериб, мана бунга телефон қилиб чиқасан, хат берасан деса, ходим шу иш билан кун бўйи шуғулланса, у ўз иши билан шуғулланадими ёки P2Pни назорат қиладими? Одамлар қандай исботлайди бу қарз, ҳадя ёки бошқа мақсаддаги ўтказма эканини?

Солиқ кодексига кўра, солиқ органида тўланмаган солиқлар бўйича 3 йилгача давр ичида даъво қилиш ҳуқуқи бор. Солиқ тўловчи ўтиб кетган даврдаги ўтказмаларни нега амалга оширганини, унинг картасига ким, қайси мақсадда пул ўтказганини унутиб юборган бўлса, эслай олмаса-чи? Бу ҳолатлар чуқур таҳлил қилиниши керак.

Дилмурод Усмонов: Шунақа ҳолатлар бўляпти: бизнесини юритадиган мижозимизнинг шахсий кабинетига солиқ органи томонидан “жисмоний шахснинг пластик картасига кўп миқдорда пул тушгани” юзасидан хабарнома юборилган. Аниқладикки, пластик картани тўлдириш учун деб тушган сумма ҳам солиққа тортиш базаси деб қараляпти. Мисол учун, пластик картани тўлдириш учун деб ўтказилган операциялар ҳам хабарномада кўрсатилиб, бу ўтказма учун жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ҳисобланади, деган мақсадда хабарнома юборишяпти. Биз бу ўтказманинг асл мақсадини исботлаб бердик, солиқ органи ҳолатни кўриб чиқишини билдирди, лекин ҳали якуний ечим борасида жавоб беришгани йўқ.

Агар бу нарса жорий қилинса, фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончи йўқолади. Бундан ташқари, одамларда пулни пластик картамга тушириб, ҳар хил жойларга бориб савол-жавоб бериб юргандан кўра, нақд пулда ишлайман, деган фикр туғилади ва бу яна яширин иқтисодиётнинг кучайишига сабаб бўлади.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда видео орқали томоша қилишингиз мумкин.