
Ўт ўчирувчилар ишини кўплаб ёнғин ўчоқларида ҳарорат Цельсий бўйича 40 даражадан ошгани мураккаблаштирмоқда, янги ҳафта бошида ҳарорат янада кўтарилиши кутилмоқда.
Европа ва қўшни минтақаларда қиш жуда қуруқ келиб, ёзги ҳарорат жуда юқори бўлиши ёнғин кенг тарқалиши учун идеал шароит ҳосил қилган. Натижада июл ойида Франция, Испания, Италия, Хорватия, Греция, Туркия ва Марокашнинг ўрмонли ҳудудларини кучли ёнғинлар ўз домига олди.
Европа иттифоқининг Copernicus атмосферани мониторинг қилиш хизмати (CAMS) Европа жануби ва Африка шимолидаги қайси давлатлар айни вақтда ёнғин тарқалиши хавфи юқори бўлган ҳудудда экани акс этган харитани намойиш этди.

Олимларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда экстремал об-ҳаво билан боғлиқ табиий офатлар сезиларли даражада кўпайган.
Инсон фаолияти туфайли рўй бераётган иқлим ўзгаришлари иссиқлик даври янада мунтазам, янада интенсив ва янада узоқ вақт бўлишига олиб келмоқда.
Глобал ўртача ҳарорат аллақачон саноатлашиш давридан олдинги ҳароратга нисбатан 1,1 даражага ортган ва агар мамлакатлар атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини чиқаришни қисқартирмаса, бу кўрсаткич ошишда давом этади.
Бу ҳафтада Франция ўт ўчирувчилари федерацияси раҳбари ўт ўчирувчилар ҳар куни иқлим ўзгаришлари оқибатларини ўз таналарида ҳис қилишаётганини айтиб ўтди.
«Бу оқибатларни 2030 йилда кутиш керак эмас - улар айни вақтда рўй бермоқда», дея қайд этган Грегори Альионе.
Ўтган йилда ҳам Европа жанубига кучли ўрмон ёнғинлари ёпирилганди - ўшанда энг хавотирли вазият Туркия ва Грецияда кузатилган.
Португалия ва Испания
Пайшанба куни Португалия шимолида ҳарорат Цельсий бўйича 47 даражага етди ва кейин 40 даража атрофида сақланиб қолди.
Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, Португалия ва Испанияда 600 нафар атрофидаги киши иссиқ ва тутун туфайли соғлигида муаммолар юзага келиши оқибатида вафот этган.
Reuters Карлос III номидаги саломатлик институти маълумотларига асосланиб хабар беришича, бир ҳафтадан буён давом этаётган жазирама 360 кишини ҳаётдан олиб кетган. Испанияда ҳаво ҳарорати 45,7 даражага чиққан.




















