Кореяда 1904 йилдан бери энг иссиқ ҳарорат қайд этилди – 42,5 градус. Президент буни миллий фалокат дея атади. Катта компаниялар эса ўз ходимларига 10 кунгача меҳнат таътили берди, ҳаттоки улар хорижга ҳам компания ҳисобидан дам олишга жўнатилган. Кореяда таътилни иқтисодий зарар эмас, меҳнат ҳуқуқининг бир қисми ва келажакка инвестиция деб қабул қилишади, дейди Kun.uz билан гаплашган Сэулдаги тадқиқотчи Дониёр Бобоев.
Кўп давлатлар қатори шу кунларда Корея Республикасида ҳам ўта иссиқ ёз ҳукмрон. 1904 йилдан бери бу мамлакатда энг юқори ҳаво ҳарорати қайд этилди, бу – 42,5 градус. Президент Ли Чже Мёнг вазиятни миллий фалокат деб атаган. Давлат ходимларга ёппасига таътил бермасада, улар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш, аҳоли учун эса иссиқдан ҳимояланиш воситаларини ташкил қилишда жуда фаол бўлмоқда.
Дониёр Бобоев бугун Кореянинг Joongbu халқаро университетида тадқиқотчи, корейс компаниясида ишлайди. Kun.uz билан суҳбатда айтишича, ҳаво ростдан ҳам ҳар йилгиданда иссиқ. Айниқса, мамлакатнинг океанда жойлашгани ҳисобга олинса, намлик сабаб иссиқ ҳаво яшаш учун каррасига ноқулай.
Лекин Корея ҳукумати ва ҳудудлар ҳокимликлари одамлар учун қўлидан келганини қилмоқда. Жумладан, автобус бекатларида совутиш мосламалари, кўчаларда салқинлаш хоналари, автобус ичида ва тегишли нуқталарда бепул салқин ичимликлар ҳамда соябонлар берилмоқда. Ҳаттоки, катта корейс компаниялари ўз ходимларига 3 кундан 10 кунгача пули тўланадиган меҳнат таътиллари бермоқда.
Барча катта компанияларнинг ишчилари ҳозир таътилда, ҳаттоки хорижга ҳам дам олгани жўнаб кетишган. Биласизми, Корея халқи жуда меҳнаткаш ва мана шу меҳнатсеварлик давлатнинг иқтисодий мўъжизаси сабаби. Лекин, кўп ишлашса ҳам меҳнат ҳуқуқларига жуда қатъий амал қилишади. Масалан, Кореяда ҳозирги кунда берилган таътилни иқтисодий зарар эмас, ходимларнинг келгуси фаолияти ва натижадорлик учун инвестиция деб билишади, дейди Дониёр Бобоев.
Бундан ташқари, таътиллар нафақат корейс фуқароларга, балки миллати, ирқи, жинсидан қатъий назар ўша компаниянинг барча ходимларига бирдек амал қилади. Сабаби Кореяда меҳнат муҳофазаси қонунияти ҳамма учун баробар ишлайди.
Ўзбекистонда чилла тугади, аммо шу ҳафта охирида яна ҳаво ҳарорати юқори. Республика қонунчилигида ноқулай об-ҳаво шароитларида ёппасига таътил бериш нормаси йўқ, аммо ходимларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўриш мажбурий. Шунингдек, ўтган ойдаги аномал иссиқ оқибатида ходимларига таътил берган ташкилот ҳамда компаниялар борасида маълумотлар учрагани йўқ.










