Германияда жорий йилда аномал иссиқ об-ҳаво оқибатида вафот этганлар сони кескин ошди. Роберт Кох институтининг 13 август куни эълон қилинган навбатдаги ҳафталик ҳисоботида қайд этилишича, 2 август ҳолатига кўра, жазирама билан боғлиқ тахминан 12,5 мингта эрта ўлим қайд этилган.
Мутахассислар ушбу баҳолаш консерватив ҳисоб-китобларга асосланганини таъкидламоқда. Шу сабабли амалда юқори ҳарорат таъсири билан боғлиқ ўлимлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
RKI маълумотларига кўра, 2026 йилги кўрсаткич сўнгги ўн йилликдаги энг юқори натижадир. Бунгача 2018 йилда жазирама оқибатида тахминан 9,4 минг, 2019 йилда эса 7,7 минг киши вафот этгани ҳисобланган.
Ҳудудлар кесимида аномал иссиқдан энг кўп Саар ва Рейнланд-Пфалц федерал ерлари аҳолиси жабрланган. Саарда ҳар 100 минг аҳолига 43,4 та, Рейнланд-Пфалцда эса 38,7 та иссиқ билан боғлиқ ўлим тўғри келган. Германия бўйича ўртача кўрсаткич ҳар 100 минг кишига 15 та ўлимни ташкил этган.
Кекса ёшдагилар орасида ўлим кўпроқ
Статистика жазирама айниқса кекса ёшдагилар учун катта хавф туғдирганини кўрсатмоқда. 2026 йилда иссиқ билан боғлиқ ўлимларнинг қарийб 6,3 мингтаси 85 ёш ва ундан катта бўлган фуқаролар ҳиссасига тўғри келган.
75 ёшдан 84 ёшгача бўлганлар орасида эса 3,1 мингдан зиёд киши жазирама оқибатида вафот этгани баҳоланмоқда.
Ғарбий Европада иссиқ рекордларни янгиламоқда
Айни пайтда Германияга яна бир иссиқ ҳаво тўлқини кириб келган. Бироқ у июн ойи охирида кузатилган жазирамага нисбатан кучсизроқ. Ўша пайтда мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори кўтарилган эди.
RKI ҳисоб-китобларига кўра, фақат июн ойидаги жазирама Германияда қарийб 5,1 минг кишининг ўлими билан боғлиқ бўлган.
AFP ҳисоб-китобларига кўра, шу ойнинг ўзида Европа бўйлаб камида 12 мингта ортиқча ўлим юқори ҳарорат билан боғлиқ бўлиши мумкин.
2026 йилнинг июн ва июл ойлари Ғарбий Европада кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ойлар бўлди. Европа Иттифоқининг Copernicus иқлим ўзгариши хизмати маълумотларига кўра, ушбу даврда ўртача ҳарорат 1991–2020 йиллардаги кўрсаткичдан 2,79 даража юқори бўлган.
Германияда шошилинч чоралар кўриш талаб қилинмоқда
Германиянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах аномал иссиқ оқибатларига қарши кураш чораларини кучайтиришга чақирди. У бутун мамлакат бўйлаб жазирама билан боғлиқ хавфлар ҳақида маълумот берувчи махсус порталлар ва тезкор телефон линияларини жорий этишни таклиф қилган.
Германия Атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш федерал вазирлиги давлат котиби Йохен Фласбарт эса 2027 йил ёзига қадар экстремал иссиққа қарши миллий режа ишлаб чиқиш тарафдори эканини билдирган.
Германия шаҳарлари уюшмаси раҳбари, Лейпциг обер-бургомистри Буркхард Юнг жазирама ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши чораларни молиялаштириш масаласини мамлакат Асосий қонунида белгилаб қўйишга чақирган.
Шу билан бирга, Германия касалхоналар жамияти тиббиёт муассасаларида совитиш тизимларини модернизация қилиш заруратига эътибор қаратди. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозир Германия шифохоналаридаги палаталарнинг фақат кичик қисми кондиционерлар билан жиҳозланган.











