Тунисда 30 фоизга яқин аҳоли овоз берган мунозарали конституция қабул қилинди
Президент Қайс Саидга кўпроқ ваколатлар берилиши назарда тутилган Тунис янги конституциясини қабул қилиш учун сайловчиларнинг 94,6 фоизи овоз берди. Мухолифат овоз беришни бойкот қилди.
Тунисда президент Қайс Саид томонидан таклиф қилинган ҳамда унга кўпроқ ваколатлар берилиши назарда тутилган мунозарали конституциявий тузатиш лойиҳаси референдумда кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Тунис сайлов органи 26 июль, сешанба куни кечқурун маълум қилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, овозларнинг 94,6 фоизи ушбу тузатишлар қабул қилинишини ёқлаб берилган.
Овоз беришнинг ўзи 25 июль куни бўлиб ўтди, мухолифат эса уни бойкот қилди. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, референдумда сайловчиларнинг тахминан 30,5 фоизи қатнашган. Мухолифат кучлари ҳокимиятни маълумотларни сохталаштиришда айблаб, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг катта қисми конституциявий референдумда қатнашмаганини таъкидламоқда.
Янги конституцияга кўра, президент парламент иштирокисиз ҳукумат раҳбари ва вазирларни тайинлаши ҳамда лавозимидан озод қилиши, шунингдек, бошқа лойиҳалардан устун бўлган қонун лойиҳаларини парламентга киритиши мумкин. Парламентнинг позициялари сезиларли даражада заифлашди. Янги конституцияда президентнинг истеъфога чиқиши кўзда тутилмаган.
Қайс Саид 2019 йилда Тунис президенти этиб сайланган. 2021 йилда у фавқулодда қонунларга асосланиб, ҳукумат ва парламентни тарқатиб юборди. Танқидчилар Саид ташаббуси билан бошланган конституциявий ислоҳот мамлакатни узоқ йиллик давлат раҳбари, 2011 йилда «Араб баҳори» деб аталган оммавий намойишлар натижасида ҳокимиятдан четлатилган Зин ал-Обидин бин Али давридаги каби авторитар бошқарув тизимига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
Мавзуга оид
08:51 / 11.05.2024
Кувайт амири парламентни тарқатиб, конституциянинг айрим моддаларини ҳаракатдан тўхтатди
12:24 / 20.02.2024
Ўзбекистон ва Тунис минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифларни кўриб чиқди
10:36 / 08.11.2023
Ўзбекистонда айрим мансабдорларнинг Сенат томонидан сайланиши тартиби белгиланди
13:24 / 25.10.2023