Сенатнинг 2 октябрдаги хабарига кўра, мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун атрофлича муҳокама қилинган.
Қонун янгиланган Конституция нормаларини амалиётга татбиқ этиш ва фуқароларнинг конституциявий одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Муҳокамада амалдаги қонунчиликда рақамли технологиялардан фойдаланиш ва мурожаатларни дастлабки кўриб чиқиш бўйича ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги қайд этилган.
Суд мажлисларини онлайн кузатиш мумкин бўлади
Қонун билан Конституциявий суд фаолиятига ахборот тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда. У орқали мурожаатларни электрон шаклда юбориш ва жараённи онлайн кузатиш имконияти яратилади.
Шунингдек, видео-конференц-алоқа ва мобил илова орқали судда иштирок этиш, очиқ суд мажлисларини эса интернетда жонли эфирга узатиш кўзда тутилган.
Мурожаатлар дастлаб 15 кунда ўрганилади
Келиб тушган мурожаатларни 15 кунлик муддатда дастлабки тарзда ўрганиш тартиби белгиланмоқда. Бу муддат иш бўйича якуний қарор чиқаришга эмас, мурожаатни дастлабки кўриб чиқишга тегишли.
Конституциявий судга тааллуқли бўлмаган мурожаатларни ваколатли органларга юбориш ёки қабул қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқариш тартиби ҳам йўлга қўйилмоқда.
Мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг оворагарчилигини камайтириш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини аниқ белгилашга қаратилган.
Конституцияга зид ҳужжат уч ойда мувофиқлаштирилиши шарт
Қонунда Конституциявий суд қарорларини ижро этиш механизми ҳам кучайтирилмоқда.
Конституцияга зид деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган уни уч ой ичида Конституцияга мувофиқлаштириши шартлиги белгиланмоқда.
Бундай ҳужжатлар асосида чиқарилган суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартибига ҳам аниқлик киритилмоқда.
Судяликка номзодлар захираси шакллантирилади
Суд кадрлари таркибини мустаҳкамлаш ва холисликни таъминлаш мақсадида Судялар олий кенгаши билан биргаликда Конституциявий суд судялигига номзодлар захирасини шакллантириш механизми мустаҳкамланмоқда.








