Иқтисодиёт | 16:20 / 03.08.2022
26307
2 дақиқада ўқилади

Туркия Ўзбекистон ва Озарбойжон учун божхона расмийлаштирувини соддалаштиради

Туркия савдо вазири, шунингдек, эркин савдо зоналари бўйича тажриба алмашишни таклиф қилди.

Фото: Туркия савдо вазирлиги

Туркия Озарбойжон билан савдода соддалаштирилган божхона тартибини жорий этишга тайёрланмоқда. Бу схемага Ўзбекистон ҳам киритилади, деб ёзади Daily Sabah.

Туркия савдо вазири Меҳмет Муш Тошкентда бўлиб ўтган уч давлат вазирлари саммитида тўсиқларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди. У ялпи ички маҳсулоти қарийб 1 триллион доллар ва деярли 130 миллион кишини ташкил этувчи умумий бозор салоҳиятини қайд этди. 

Вазирнинг сўзларига кўра, Туркия, Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги имтиёзли савдо шартномалари улар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг устуворлигидан далолат беради. Уларнинг кенгайиши савдо алоқалари учун «янги давр»нинг бошланиши бўлади. 

Яқин келажакда Туркия томони Озарбойжон учун соддалаштирилган божхона тартибини жорий қилади. Ўзбекистонни ҳам ушбу схемага улаш мақсади бор, деди Муш. 

Янги тартибни келишиш бўйича ишлар якуний, техник босқичга - пилот лойиҳа учун инфратузилмани жорий этишга яқинлашди. Божхонадаги бюрократик тўсиқларнинг камайиши уч давлат ўртасидаги савдони ривожлантиришга хизмат қилади, деди вазир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид