Ўзбекистонда iPhone нархлари кескин қимматлашди. Бунга хориждан олиб кирилаётган телефонларнинг IMEI кодлари билан боғлиқ янги муаммолар сабаб бўляпти.

Аввалига хориждан олиб кирилган қимматбаҳо смартфонлар Тошкент халқаро аэропортида IMEI кодининг ҳақиқийлигини текшириш мақсадида экспертиза учун 30 кунгача олиб қолинаётгани ҳақида хабар тарқалди. Кейинроқ Божхона қўмитаси Тошкент халқаро аэропортида телефонларни божхонадан ўтказиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.

IMEI – мобил алоқага эга, яъни SIM-карта ўқийдиган қурилмаларни идентификация қилиш имконини берадиган махсус рақам. Ўзбекистонда IMEI-коди рўйхатга олинмаган мобил қурилмалардан алоқа учун фойдаланиб бўлмайди. Божхоначиларнинг янги иддаоларига кўра, охирги пайтларда бу кодларни сохталаштириш орқали бож тўловидан қочиш ҳолатлари учраяпти.

Шу сабабли Тошкент халқаро аэропорти орқали олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви IMEI идентификаторларини аниқлаш ва уларнинг қонуний олиб кирилганини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар ҳал этилгунига қадар вақтинча тўхтатилган. Бу чеклов қачонгача сақланиб қолиши маълум эмас.

Айни пайтда божхона органлари бирор бир норматив ҳужжатсиз, ўзбошимчалик билан телефон импортини чеклаб қўйишга ваколатлими, деган савол очиқ қолмоқда. Расмийлар бу тартибнинг қонуний асослари ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.

Божхонадаги чеклов қачон бекор қилиниши ноаниқ бўлиб тургани – смартфон бозоридаги нархларда тезда акс-садо берди. Kun.uz суриштирувига кўра, 10 ноябр куни iPhone 18 моделлари бир кун аввалги нархига нисбатан 50 доллардан 400 долларгача қимматлашган. Масалан, кумуш рангли 256 GB хотирага эга iPhone 18 Pro eSIM смартфони 9 ноябр куни 1500 доллардан сотилган бўлса, 10 ноябрдаги нархи 1650 долларга етган. Худди шу моделнинг 512 гигабайтли версияси эса 1800 доллардан 2000 долларгача кўтарилган.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти. Жамоатчилик фаоллари ноқонуний импортга қарши курашиш заруратини инкор этмаяпти, бироқ янги чекловнинг оддий истеъмолчиларга таъсири юзасидан саволлар кўтарилмоқда.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов масалага кенгроқ – импорт чекловларининг иқтисодий оқибатлари нуқтайи назаридан ёндашди. Унинг фикрича, IMEI билан боғлиқ вазият – импортга қўйилган тўсиқлар истеъмолчилар учун қанчалик қимматга тушишини яққол кўрсатмоқда. Ҳошимов бундай муаммолар фақат телефонлар бозорида эмас, бошқа кўплаб импорт товарларида ҳам мавжудлигини таъкидлайди. Унингча, божлар ва импорт чекловлари маҳсулотлар нархини сунъий равишда ошириб, нафақат истеъмолни, балки ишлаб чиқаришни ҳам қимматлаштиради.