Россияда март ойи ўрталаридан бери биринчи марта янги коронавирус инфекциясининг кунлик ўсиши 40 мингдан ошди, деб хабар берди федерал тезкор штаб 20 август, шанба куни Telegram каналида. «20 август ҳолатига кўра, РФда COVID-19 билан касалланишнинг 40 010 та янги ҳолати аниқланди. Бир суткада касалхонага ётқизилганлар сони 3 450 кишини ташкил этди ва олдинги кунга нисбатан 3 фоизга ошди», дейилади хабарда.
Россияда аввалги кун 37 609 киши касалланган бўлса, янги касалланганлар сони 2 401 тага кўпайган. 14 март куни ҳам худди шундай кўрсаткичлар (кунига 41 055 та) қайд этилган эди, ўшанда коронавируснинг тарқалиши пасайиб бораётган эди, ҳозир эса у кўтариляпти.
Оператив штаб хабарида, шунингдек, сўнгги 24 соат ичида РФнинг 42 та субъектида касалхонага ётқизилганлар сони кўпайиши, 39 та минтақада камайиши қайд этилгани, РФ тўртта субъектида вазият ўзгаришсиз қолгани таъкидланган. Ўлим даражаси бўйича ҳолат қуйидагича - ўтган суткада яна 69 киши ковиддан вафот этди. Бу коронавирус инфекциясидан 533 киши вафот этган 14 мартга нисбатан анча паст.
Пандемия даврида Россияда жами 19 038 665 та коронавирус инфекцияси қайд этилган ва 383 496 киши вафот этган.
Июль ойидан бери Россияда COVID-19 билан касалланиш даражаси ошган. Аввалроқ Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова ўсиш коронавируснинг янги, янада юқумли вариантлари пайдо бўлиши фонида содир бўлаётганини айтганди. Идора буни юқори юқумлилиги билан ажралиб турадиган «омикрон» ВА.4 ва ВА.5 янги вариантларининг штамм таркибида ортиши билан изоҳлади.
Роспотребнадзорнинг таъкидлашича, янги субвариантлар оғир ҳолатлар ва касалхонага ётқизиш сони сезиларли даражада ошишига олиб келиши даргумон, шунинг учун федерал даражада коронавирус чекловларини қайтаришнинг ҳожати йўқ. Шу билан бирга, 16 август куни идоранинг хабар беришича, касалланиш кўпайганлиги сабабли ҳудудларга жамоат жойлари ва транспортда ниқоб тақиш тартибини жорий этиш бўйича тавсиянома юборилган. Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко фуқароларни яна бир бор коронавирусга қарши эмланишга чақирди.











