Жаҳон | 08:03 / 25.08.2022
10022
2 дақиқада ўқилади

ИҲЕС Россияни Мариуполда «азовчилар»ни суд қилишдан тийилишга чақирди

Украиналик ҳарбий асирлар устидан суд ўтказилиши инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг бузилиши бўлади. Россия 16 сентябргача ИҲЕС қарорларини бажаришга мажбур.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди биноси

Россия томонидан Мариуполда украиналик ҳарбий асирларни суд қилиш учун ташкил этилган трибунал инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг бузилиши бўлади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) 24 август, чоршанба куни эълон қилган баёнотида огоҳлантирди. Страсбург суди 30 июндаги қарорига ишора қилиб, Россияни Европа конвенциясига, жумладан, яшаш ҳуқуқи, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани тақиқлаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги моддаларга риоя қилишга чақирди. 

Муайян украиналик аскарга тааллуқли бўлган ушбу қарорда таъкидланганидек, у «тузатиб бўлмайдиган зарар етказиш хавфи» мавжудлигига ишониш учун асослар мавжуд бўлган ҳар қандай ҳолатда қўлланилади. 

суд учун тайёрланаётган темир панжаралар

Халқаро кузатувчилар яқин орада Мариуполда «Азовстал» заводини ҳимоя қилган украиналик аскарлар устидан суд жараёни бошланиши мумкинлигидан хавотирда. Далил сифатида Мариупол филармонияси биносида судланувчилар учун металл қафаслар ўрнатилаётганини кўрсатувчи фотосуратлар ва видеолар келтирилади. БМТга кўра, украиналик аскарлар қийноққа солинган, дейишга асос бор ва улар ўлимга ҳукм қилиниши мумкин. 

Бир кун аввал Украина ҳукумати ИҲЕСдан Россияга нисбатан Суд қоидаларининг 39-моддасига асосан вақтинчалик чора кўришни сўраган эди. Киев ўз илтимосини Мариуполда «Азовстал» ҳимоячилари устидан «кўргазмали суд» ўтказилишидан ташвишдалиги билан асослади. Россия, Киевга кўра, маҳбуслар аҳволи ҳақидаги ҳар қандай маълумотни яширади ва уларни ўлимга ҳукм қилишни режалаштирмоқда. 

Адлия органи ИҲЕС бўлган Европа кенгаши 16 май куни Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши сабабли Россияни ўз аъзолигидан чиқариб юборди. Олти ойлик ўтиш даврида, яъни 16 сентябргача Россия ИҲЕС қарорларини бажаришга мажбур. Страсбург судининг қарорлари мажбурийдир, аммо ИҲЕС ўз қарорларини ижро этиш учун воситаларга эга эмас. 

Мавзуга оид