Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Арсенал» илк жиддий рақибга мағлуб бўлди, «МЮ» дебютанти гол уришни бошлади
«Манчестер Юнайтед» ўйинни Фернандешнинг иккита доҳиёна паси билан ҳал қилди. Бу АПЛда мавсумнинг энг яхши ўйинларидан бири бўлди.
Манчестер Юнайтед — Арсенал 3:1
6 сентябрь, «Олд Траффорд»
Голлар: Антони (35), Рэшфорд (66, 75) — Сака (60).
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Далот, Варан, Мартинес (Магуайр, 80), Маласиа, Эриксен, Фернандеш, Мактоминей, Рэшфорд (Каземиро, 80), Санчо (Фред, 67), Антони (Роналду, 58).
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт (Томиясу, 80), Габриэл, Салиба, Зинченко (Нкетиа, 74), Жака, Эдегор (Смит-Роу, 74), Локонга (Виейра, 74), Сака, Жезус, Мартинелли.
Огоҳлантиришлар: Салиба (24), Мактоминей (71), Жезус (77), Магуайр (81), Сака (87), Эриксен (90+4).
«Манчестер Юнайтед» трансферлар ойнаси ёпилиши арафасида шовқин кўтариб, икки юлдуз футболчи (Каземиро ва Антони) учун 170 миллион евро атрофида маблағ сарфлади. «Реал»нинг собиқ таянч яримҳимоячиси аллақачон «қизил иблислар» сафида дебют қилиб улгурди ва «Арсенал»га қарши ўйинда уни бошланғич таркибда кутиш мумкин эди. Аммо бош мураббий Эрик тен Ҳаг Скотт Мактоминай — Кристиан Эриксен жуфтлигини афзал кўрди, улар «Саутҳемптон» ва «Лестер»га қарши ўйинларда илк дақиқалардан бирга ҳаракат қилишган — ва икки учрашувда ҳам «МЮ» минимал ҳисобларда ғалаба қозонганди. Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида келган Антони эса Англияга ташрифининг учинчи кунидаёқ бошланғич таркибда ҳужумнинг ўнг қанотини эгаллади.
«Арсенал» учун «Олд Траффорд»га сафар илк жиддий синов бўлиши керак эди. Микел Артета жамоаси чемпионатни очко йўқотмасдан давом эттираётганди ва дастлабки беш ўйинда ғалаба қозонган, аммо рақиблар даражаси тенг эмасди.
«Манчестер Юнайтед» ўйинни яхши бошлади, аммо тахминан 10-дақиқалардан меҳмонлар ташаббусни қўлга олишди. 12-дақиқада «Арсенал» гол ҳам урди. Мартин Эдегор майдон марказида Эриксенни таъқиб этиб, тўпни ундан олиб қўйди. Букайо Сака эса олдинга ташланган Габриэл Мартинеллини ўз вақтида кўриб, уни Давид Де Хеа билан бирга-бир вазиятга чиқарди. «Канонирлар»нинг бразилиялик вингери аниқ ҳаракат қилди, аммо ишга реферининг видеоассистентлари аралашди. Бош ҳакам Пол Тирнининг ёрдамчилари Эдегор тўпни олиб қўяётганда қоида бузган деб топишди. Тирни мониторга борди ва голни бекор қилди.
«Арсенал» тушкунликка тушмади ва ҳужумларни давом эттирди. Мартинеллида яна гол уриш учун имкониятлар бўлди, аммо Де Хеа унинг бош билан йўллаган хавфли зарбасини қайтарди.
«МЮ» эса ўз вазиятидан фойдаланди ва бу гол бекор қилинмади. Бруну Фернандеш ҳужумни дриблинг билан ривожлантирди, уни Габриэл қулатди, аммо тўпга эга чиққан Жейдон Санчо уни майдон марказидаги Маркус Рэшфордга узатди, у эса «Арсенал»нинг икки ҳимоячиси орасида туриб тўпни ўнгроқда бўш қолдирилган Антонига ташлаб берди. 100-миллионлик янги футболчи бир уринишда ўз дебютини гол билан нишонлади.
Танаффусдан кейин «канонирлар» «Юнайтед» дарвозасини қамал қилишда давом этди. Сака 52-дақиқада ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо унинг бурчак томон берган зарбаси муваффақиятли чиқмади. Аммо ўйиннинг бир соати ортда қолганида англиялик футболчи барибир ўз номини таблога ёздириб қўя олди. Диогу Далот Габриэл Жезусга узатилган тўпни қайтарди, аммо тўп сакраб Саканинг оёғига келиб тушди — вингер бўш бурчакни аниқ нишонга олди.
Аммо ҳисобни узоқ вақт ушлаб қолишнинг имкони бўлмади. Бруну Фернандеш яна бир қарши ҳужум ташкиллаштирди, аммо бу сафар унинг ўзи голли узатма муаллифига айланди. Португалиялик Рэшфордни Аарон Рамсдейл билан бирга-бир вазиятга чиқарди — ҳужумчи дарвозанинг чап бурчагига аниқ йўналтирди.

Кўп ўтмай «Арсенал» ҳимоясида бўшлиқлар юзага келди ва мезбонлар бундан фойдаланиб қолишди. 75-дақиқада Эриксен ва Рэшфорд майдон марказидаёқ ҳимоячиларни ортда қолдириб Рамсдейл дарвозасига боришди. Даниялик тўпни бўш дарвоза қаршисида қолган форвардга ташлаб берди ва у дублни расмийлаштирди. Бундан олдинроқ Артета уч футболчини алмаштирганди ва юқори ҳимоя чизиғи ташкил этиб ўйнаётганди.
Ўйиннинг охирги қисми «қизил иблислар» учун шу қадар қулай вазиятда кечдики, тен Ҳаг ҳатто Ҳарри Магуайрни майдонга туширишдан чўчимади. Криштиану Роналду ҳам майдонда эди — португалиялик биринчи гол муаллифи Антонини алмаштирганди. 37 ёшли форвард ярим соат ўйнади, аммо олтинчи ўйинда ҳам гол ура олмади. Афтидан, янги бош мураббий ҳамон Роналдуни асосий ҳужумчи сифатида кўрмаяпти.

«МЮ» жуда ёмон стартдан кейин қаторасига тўртинчи ғалабасига эришиб, турнир жадвалида «Челси» ва «Ливерпул»ни ортда қолдирган ҳолда бешинчи ўринга чиқди, энди жамоани ҳамон биринчи ўринда қолаётган «Арсенал»дан атиги уч очко ажратиб турибди.

Мавзуга оид
14:18 / 01.06.2026
«Кейинги йил ЕЧЛ учун қайтамиз». «Арсенал» Лондонда чемпионлик паради ўтказди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
00:04 / 31.05.2026
«ПСЖ» кетма-кет икки марта ЕЧЛ ғолиби бўлди
12:01 / 25.05.2026