Жамият | 20:11 / 28.09.2022
42279
10 дақиқада ўқилади

Вазият критик нуқтага етди. Ижара масаласи борган сари жиддийлашяпти

Сўнгги йилларда, йилларда эмас, ойларда ижара нархлари кескин ўсди, ўсишда давом этяпти. Айниқса пойтахт Тошкентдаги вазият жуда жиддий. Август охири, сентябрнинг бошида талабалар келиши билан таранглик кузатилган бўлса, бу муаммо ҳал бўлмай Россиядан навбатдаги оқим туфайли талаб яна ошиб кетди. Табиийки нарх ҳам. Айни пайтда аҳоли даромадларига нисбатан уй-жой ва ижара нархларида шу қадар номутаносиб вазият юзага келдики, бу бошқа ижтимоий муаммоларни ҳам туғдириши аниқ.


Ўзбекистонда ижара нархлари қимматлиги, аниқроғи уйлар баҳоси ва энг муҳими – аҳоли даромадларига номутаносиблиги ҳақида кўп гапирилади. Ижара бозорининг асосий харидори бўлган оддий ишчилар 4-5 млн атрофида маош олишса, шундан энг камида 3-3,5 млн сўмини ижарага сарфлашга мажбур бўлмоқдалар.

Бу борада энди-энди олиб борилаётган тадқиқотлар ҳам Тошкентда бюджет баҳодаги хонадонлар ўртача 10 йилда ўзини оқлашини кўрсатган. Яъни уй олиб ижарага берилса, у 10 йилда сарфланган пулни қайтаради. Ҳолбуки бу кўрсаткич ривожланган давлатларда 20-30, ҳатто 40 йилни ташкил қилади.

Ҳа, статистика шафқатсиз, рақамлар хафа қиладиган. Бугун ана шу ўсиб бораётган рақамлардан азият чекаётган юртдошларимизга қулоқ тутдик. Аксарияти муаммо туфайли бўғзига қадар тўлиб турган бўлса-да, шахсини сир сақлашни маъқул кўришди. Айримларининг “Наҳот ижарада ўлсам?!” деган сўзлари юракларни титратиши тайин.

Биринчи қаҳрамон: “Бу муаммо ижтимоий портлашга олиб келиши мумкин”

— Айтинг-чи, мен нима қилишим керак? Олий маълумотлиман, икки тилни биламан, давлат берган ишда ишлайман ва 5,5 млн сўм маош оламан. Лекин ижарага қанча тўлашимни биласизми? 450 доллар! Бу 5 млн сўм дегани. Мен бойлигим туфайли қиммат уйда турмайман. Бу уйнинг баҳоси ўзи 250 доллар эди. Аммо ижара берувчи қисқа муддат ичида икки марта кўтарди ва ҳозирги нархга олиб келди.

Ногирон фарзандимиз бор, уни даволатиш ҳам мунтазам пул талаб қилади. Аёлим ҳам олий маълумотли, лекин 2,5 млн сўм ойлик олади. Ватанимизни севамиз, лекин баъзан унга сиғмай кетаётганимизни ҳис қиламиз...

Иккинчи қаҳрамон: “13 йилда 24 марта кўчдик... Дод дегим келади баъзида”

— 13 йил ичида 24 та уйга кўчдик. Уй эгаларининг яхшилариям, ёмонлариям бор. Қиш кунларида, совуқда сарсон бўлиб, томидан чакка ўтиб турган уйда яшаган пайтларимиз бўлди. Участкавойларнинг текшир-текширидан безган, қўшниларнинг “вилоятлик, келгинди” деб сиғдирмаган кунларни кўрдик.

Бу ҳам майли, ижарага аранг уй топиб, ботиб ётган уйни йиғиштириб тозалаганимиздан кейин уй эгаси келиб, “уйни ижарага бермайдиган бўлдик”, деганда ҳеч жойга сиғмай кетганман.

Айниқса воситачи маклерлардан кўп азият чекканмиз. “Уй тоғамники, аммамники” деб пулимизни олиб, эртасига пул ҳам, маклер ҳам йўқолиб қолган. Ачинарлиси, охирги йилларда ижара нархининг ошишида маклерларнинг “хизмати” катта.

Уй сотиб олмоқчи бўлиб изланасан, лекин ойликни ижарага берасанми, уй олишга йиғасанми, рўзғорни бутлайсанми?.. Дод дегим келади баъзида, лекин ҳаёт учун кураш давом этади.

Учинчи қаҳрамон: “Давлат ишида 18 йил ишладим, лекин 180 йил ишласам ҳам пул йиғиб уй ололмаслигимни билдим”

— Мен каби аёллар, оилалар балки минглаб, миллионлабдир. Ўзим олий маълумотлиман, давлат ишида 18 йилдан ортиқ ишлаганман. Мактабда, лицейда, институтда... Ҳатто жуда нуфузли ташкилотларда ҳам. Аммо шуни тушундимки, мен каби уч фарзандли, боқувчисини йўқотган аёл 18 йил эмас, 180 йилда ҳам пул йиғиб ўзига уй ололмас экан.

2013 йилдан буён ижараларда яшаб келаман. Ва айнан шу йилдан буён икки фарзандимнинг соғлиги учун курашаман. Ҳеч кимдан ёрдам сўрамаганман, лекин қарз олганман ва ҳалигача шу қарзларни тўлайман.

Шунча йил ишлаб, давлатдан уй олишга, субсидияга ҳаракат қилмаганман. Негадир ўзим пул йиғиб олишимга ишонч бўлган. Шу ишонч билан 8 йил ўтди, бу орада соғлигим ўта ёмонлашди, орзум сароб экани аён бўлди.

Иложсиз қолдим, давлат ишидан кетдим, нодавлат лойиҳаларга ўзимни урдим. Ўқитувчилигимни жуда соғинаман, бемалол мақтаниб айтаман – мен кучли ўқитувчи эдим! Лекин энди ўзимни, фарзандларимни ўйламасам бўлмайди.

Энди савол: мен олий маълумотли, соҳамнинг устаси бўлатуриб шу ҳолда бўлсам, маълумоти йўқ миллионлаб одамлар нима қилишади? Хоҳлардимки, аёллар ишлаган маошларига ҳеч бўлмаса ижара тўлай олишсин. Тошкентда уйим йўқлиги, ижарада юрганим учун бир боламни қайнонамга, иккисини онамга ташлаб келганман. Уларни ойига бир-икки марта кўраман. Баъзан хўрлигим келади. Баъзан эмас, ҳамиша...

Тўртинчи қаҳрамон: “Булар синовлигини биламан, лекин эркак кишига қийин экан”

— Фарғонанинг Қувасиданман. Ислом университети магистратурасини тамомлаганман. Ўзим кўзим ожиз, I гуруҳ ногирониман, аёлим II гуруҳ ногирони, бир қизим бор. Шу йил ёзигача Тошкентда ишлар эдим. Айнан ижара нархлари ошиб кетиши туфайли қишлоққа қайтишга мажбур бўлдим.

Қишлоқда соҳам бўйича иш топа олмадим, кўп жойлар кўзим туфайли ишга олмади. Ҳозир ишсизман. Булар синовлигини биламан, лекин эркак кишига қийин экан. Кўзим кўрганида ҳам майли эди, шарт кўчага чиқиб бирор йўлини топардим.

Бешинчи қаҳрамон: “12 йилдирки ижарадаман”

— Зиёлиман, тинмай ишлайман. Пулнинг баракаси йўқми, ҳеч орттира олмайман. Ўғлим 24 ёшга кирган. Коллежда ҳам Тошкентда ўқиди, пойтахтда қоламан, магистратурада ўқийман, дейди. У билан бирга бўлай, деб ижарага уй олиб яшаяпмиз.

Ипотекага уй олгим келади, лекин бошланғич тўловга пулим йўқ. Иккаламиз 300 долларга ижарага уй олдик. Бундан арзони топилмади. Ўғлим 2-курс, ўқишидан чалғимасин деб ишлатмаяпман. Чунки дадаси оламдан ўтгандан кейин депрессияга тушиб қолди, касал бўлди. Ҳалиям батамом тузалмаган. Ҳар доим “Бу дунёда барчамиз ижарачимиз” деб ўзимга таскин бераман. 12 йилдирки шу ҳаёт давом этмоқда.

Зиёда Эшмуродова, журналист: “Болаларим бир нечта мактабда ўқиганидан тайинли синфдошлари ҳам йўқ”

— Ижарадаги “стаж”им 17 йил! Эҳҳее, қандай уйларда яшамадим. 1990 йилда талабаликдан бошланган ижара ҳаётим 2007 йилда катта қийинчиликлар, қарзлар ёрдамида уй олишимгача давом этган. Ижарада турмушга чиқдим, ижарада болаларим туғилди ва улғайишди.

Энг оғриқли нуқталарини санаб ўтай:

1. Бир хонадонга жойлашиб, атрофдаги боғчага не азобда боламни жойлаштирганимда 3-4 ой ўтиб кўчишга тўғри келган, фарзандим боғчалар ўзгаришидан қанчалик стрессга тушганди. Бу ҳолат мактабда ҳам давом этди. Болаларим бир нечта мактабда ўқиганидан тайинли синфдошлари ҳам йўқ;

2. Бу ҳолат бир неча марта кузатилган. Тўзиб, ифлос бўлиб ётган уйни беришган. Мен тозаликка жиддий эътибор берардим. Бутун уйни, унитазларигача ярақлатиб тозалатиб қўйганимда уй эгаси келиб кўрганидан сўнг “уйни бермайдиган бўлдик” деган. Бу ҳолат икки марта бўлганига нима дейсиз? Шу қадар хўрлигим келгандики...;

3. Энг эсда қоларлиси ва оддий бўлсада таъсир қилгани, бир хонадон эгаси пул оладиган куни уйга пойабзалини ечмай кириб келаверарди. Ортидан тозалаётганимда кўзларим ёшга тўларди, болаларимга кўрсатмай йиғлардим.

Телевидениеда ишлаганимда уч хонали уйни учта оилага бўлиб беришган. Ҳаммада иккитадан бола. Қандай ҳаёт кечирганимизни ўзим биламан. Лекин яхши жиҳати шундан кейин пул йиға бошладим. Лекин нархлар ошиши туфайли ҳеч етказа олмасдим. 2007 йилда пул йиғиб-йиғиб, яхши инсонлар ёрдами билан Тошкент вилоятнинг Тўйтепа (ҳозирги Нурафшон) шаҳридан уй олганман. Олган куним уйга кириб тўйиб-тўйиб йиғлаганман. Ҳозир кичик бўлса-да, Тошкент шаҳрида ҳовлимиз бор. Шу кунларга етказганига шукр.

Яна бир қизиқ жиҳат – ўзим сурхондарёликман, шунча вақт ижарада яшашимга қарамай ҳар доим уйимда ё талаба, ё абитуриент бўлган. Айрим пайтларда икки-учталаб. Кўпчилиги ўқишларни битириб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишди. Уларни жуда кўргим келади ҳозир...

***

Ижара мавзуси Kun.uz'нинг доимий эътиборида. Сабаблар, ечимлар қидирилган. Аммо кўринадики, муаммо борган сари жиддийлашиб, газак олиб бораётир. Қизиғи, ижара баҳоси ошишига омиллар бисёр, аммо бозор қонунларига кўра нарх тушиши ҳеч кузатилмайди.

Дастлаб талабалар қайтиши, кейин Россиядан релокантларнинг катта талаб ҳосил қилгани нархларнинг сапчишига хизмат қилган бўлса, тез орада вилоятлардаги бадавлат одамларнинг пойтахтга ва йирик шаҳарларга (яъни газ, свет бор жойга) қишлаш учун оқиб келиши вазиятни янада мураккаблаштириши тайин.

Бугун пойтахтда ҳеч қандай жиҳозсиз, таъмирсиз бир хонали уйларнинг энг арзони 200 доллардан бошланади. Кўпчилик ижара уй деганда тасаввур қиладиган икки хонали, ўртача жиҳозланган уйлар аллақачон 300 доллардан ошиб кетди. Таъкидлаш жоиз, бу бошланғич нархлар, яъни чўнтакда пул билан бозорга тушиб, бундай уйлар ичидан ўзингизга ёққанини танлай олмайсиз. Излаш, заҳмат чекиш билангина бундай баҳодаги уйни топиш мумкин ва нарх тез орада оширилиши ҳадиги билан яшалади.

Дарвоқе, ижарага берувчилар хориждан келганлар таклиф қилаётган катта пулларга қизиқиб, ўзимизнинг нисбатан арзон тўлаб турган қоракўзларни хонадонларидан чиқариб юбораётгани кузатиляпти. Бу энди жуда уятли ҳолат.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид