Вазирлар Маҳкамасининг «Узум етиштирувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат президентнинг «Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойида узумчилик йўналишида қуйидаги номинациялар бўйича ўтказиладиган республика кўрик-танлови таъсис этилади: «Энг яхши узум нави», «Энг яхши маҳаллий узум нави».

Узум етиштирувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У билан қуйидагилар бўйича тартиб белгиланди: кўрик-танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита фаолиятини ташкил этиш; кўрик-танлов иштирокчиларини танлаш (улар узум етиштириш билан шуғулланувчи юридик шахслар бўлиши мумкин); кўрик-танлов иштирокчиларини баҳолаш, ғолиб ва совриндорларни мукофотлаш.

Кўрик-танлов ғолибларини пул мукофотлари ва бошқа эсдалик совғалари билан тақдирлаш Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжаллиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Мукофотлар қуйидаги тарзда тақсимланади: 1-ўрин – 100 БҲМ; 2-ўрин – 75 БҲМ; 3-ўрин – 50 БҲМ.