2026 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига электрон тижорат соҳаси билан боғлиқ 1 230 таси мурожаат келиб тушган.

Қўмита хабарига кўра, мурожаатларнинг:

  • 704 таси (57,2 фоиз) истеъмолчи фойдасига ҳал этилиб, ҳуқуқлари тўлиқ тикланган;

  • 453 таси (36,8 фоиз) бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган;

  • 33 таси (2,7 фоиз) эса тегишлилигига кўра, бошқа ваколатли органларга йўналтирилган.

Мурожаатларнинг асосий қисми йирик электрон савдо платформалари ва муддатли тўлов хизматларига тўғри келади:

  • Uzum Market — 446 та (36,2%),

  • Uzum Nasiya — 184 та (14,9%),

  • Alif Shop — 92 та (7,5%),

  • Ishonch дўконлар тармоғи — 69 та (5,6%),

  • Yandex хизматлари — 63 та (5,1%).

Uzum компанияси Рақобат қўмитасининг бу ахборотига муносабат билдирди. Компания, аввало, 36 фоиз – Uzum Market харидорларининг норози қисми эмас, балки Рақобат қўмитасига электрон савдо бўйича келиб тушган жами мурожаатлар орасида Uzum Market'нинг улуши эканини таъкидлаган.

Uzum'нинг 2025 йил якунлари бўйича эълон қилинган маълумотларига кўра, компаниянинг электрон савдо хизматларида буюртмалар сони 34 миллиондан ошган. Шу нуқтайи назардан, қўмитага келиб тушган мурожаатлар буюртмалар умумий сонининг мингдан бир фоизларини ташкил этади.

Қўмита маълумотига кўра, 704 та мурожаат бўйича истеъмолчилар ҳуқуқлари тикланган. Шу билан бирга, юзага келадиган масалаларнинг катта қисми маркетплейснинг қўллаб-қувватлаш хизмати орқали ҳал этилади.

Uzum'да, шунингдек, электрон савдода шаффоф қоидаларни ривожлантириш бўйича Қўмита фаолиятини қўллаб-қувватлашларини таъкидлашди. Компанияда қайд этилишича, харидорларнинг фикр-мулоҳазалари – такомиллаштириш талаб этиладиган жараёнларни аниқлашга ёрдам беради.

Бугунги кунда Uzum Market тармоғи мамлакатнинг 700 дан ортиқ аҳоли пунктида 2 000 дан зиёд буюртма топшириш пунктларини қамраб олган. Платформадаги товар позициялари сони эса 200 миллиондан ошади.