11:22 / 14.10.2022
5759

Европа кенгаши парламент ассамблеяси Россия бўйича янги резолюция қабул қилди

Европа кенгаши парламент ассамблеяси деярли бир овоздан Россияни «террористик хусусиятга эга» давлат сифатида кўриш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.

Фото: Sputnik

Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) Россиянинг Украинадаги агрессияси кучайганини қораловчи резолюция қабул қилди ва Европа давлатларини Россиядаги ҳукмрон режимни «террорчи» деб тан олишга чақирди. Ҳужжат лойиҳаси ва таклиф этилаётган тузатишлар ташкилот веб-сайтида эълон қилинган.

Резолюцияни 100 иштирокчидан 99 нафари қўллаб-қувватлади, деб ёзди Украина делегати Олексий Гончаренко Twitter'да.

ЕКПА Россиянинг Украинага бостириб кириши Европага Иккинчи жаҳон урушидан бери бошидан кечирмаган азоб ва ҳалокат олиб келганини қайд этади. «Агрессия давом этар экан, зўравонлик ва вайронагарчиликнинг янги даражаларига етиб борар экан, Россия режими ўзининг ҳақиқий террористик моҳиятини яна бир бор тасдиқламоқда, энг асосий инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ асосларини бузмоқда», дейилади резолюцияда. Унинг якуний матни ҳали эълон қилинмаган, бироқ 11.6-бандга Россияни «террористик режим» деб эълон қилиш тўғрисидаги тузатиш кўпчилик овоз билан қабул қилингани маълум: унга ЕКПАнинг 79 аъзоси овоз берди, иккитаси қарши чиқди, бири бетараф қолди.

Бундан ташқари, «илгари Украина ва бошқа мамлакатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилувчи ноқонуний қарорлар учун овоз берган Россия сиёсий партияларини терроризмни тарғиб қилувчи гуруҳлар ва ташкилотлар деб тан олишни» талаб этувчи тузатиш қабул қилинди. Катта эҳтимол билан, биринчи навбатда, гап «ДХР», «ЛХР», Запорижжя ва Херсон областининг яқинда аннексия қилингани, шунингдек, 2014 йилда Қримнинг аннексия қилингани ҳақида бормоқда.

Top