Жаҳон | 13:32 / 18.10.2022
10983
2 дақиқада ўқилади

Россияда кинозалларнинг камида ярми ёпилиши мумкин

Федерациялар кенгаши чет эл фильмларини Россияда муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг розилигисиз тарқатишга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Сенаторлар кинотеатрлар даромади 80 фоизга пасайиб кетишидан хавотирда.

Фото: Picture Alliance

Келгуси ойларда «репертуар етишмаслиги» Россиядаги кинотеатрлар даромади 80 фоизга пасайишига олиб келади ва кинозалларнинг камида 50 фоизи ёпилиши мумкин. Бундай баҳолар Федерациялар кенгашининг иқтисодий сиёсат бўйича қўмитаси сенаторлари томонидан тайёрланган ҳукумат қарори лойиҳасига тушунтириш хатида келтирилган. Ҳужжат матнидан парчалар 18 октябр, сешанба куни Россия давлат агентликлари томонидан берилган. 

Қўмита Россия кинотеатрларига хорижий фильмларни Россияда муаллифлик ҳуқуқи эгалари билан «лицензиявий келишувларсиз» ва «уларнинг розилигисиз» тарқатишга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, «аудиовизуал асарлардан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш» ҳали ҳам режалаштирилган. «Фильмларнинг оммавий намойиши» учун тўловлар киночипталардан даромад улуши сифатида - томошабинлар учун пулли кириш билан - 10 фоиз бўлади. Бепул кўрсатишда - ноль рубль. 

Шунингдек, сенаторлар Россия Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг муаллифлик ҳуқуқини бузиш тўғрисидаги моддаларини хорижий контент фойдаланувчиларига нисбатан қўлламасликни таклиф қилишди. 

Россиянинг Украинадаги уруши туфайли Sony, Walt Disney, Warner Bros., BBC Studios, Universal Pictures ва бошқа кинокомпаниялар россиялик фойдаланувчилар учун фильмларни лицензиялашни тўхтатдилар. 

Бу йилги иш натижаларига кўра, кинотеатрлар умумий зарари камида 11,1 миллиард рубль бўлиши мумкин. 2022 йил охиригача рус фильмларининг касса даражаси бўйича максимал прогноз 6,142 миллиард рублдан ошмайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид