Ўзбекистон | 11:18 / 21.10.2022
4939
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ва Бердимуҳамедов Ўзбекистон-Туркманистон Чегараолди савдо зонаси қурилишини бошлаб беради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев икки давлат ўртасида ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда кенгайиб бораётганини қайд этган.

«Минг йиллар давомида ўзбек ва туркман халқлари ёнма-ён яшаб, бир-бирига таянч бўлиб келганлар», - дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, сўнгги ойларда давлат раҳбарлари турли тадбирлар доирасида олтинчи марта учрашмоқда. Шавкат Мирзиёев Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов икки мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантиришга қўшган ҳиссани ҳам қайд этган.

«Иқтисодиёт икки томонлама муносабатларнинг етакчи кучи бўлиб хизмат қилаётгани, мамлакатларимизнинг улкан салоҳиятини ишга солиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди. Кейинги йилларда ўзаро савдо жадал суръатда ошиб бормоқда.

Ўзбекистон-Туркманистон Чегараолди савдо зонаси ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши қайд этилди. Бугун давлат раҳбарлари ушбу зонанинг қурилишини бошлаб беради», - дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда саноат, энергетика, кимё тармоғи ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда янги лойиҳаларни жадаллаштиришга, «Шарқ - Ғарб» ва «Шимол - Жануб» йўналишларида, шу жумладан Туркманбоши порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт йўлакларини фаол ривожлантиришга келишилди.

Маълум қилинишича, 2023 йилда иккала мамлакатда барча вилоятлар иштирокида Маданият ва кино кунлари, ёшлар фестиваллари ўтказилади. Белгиланган мақсадларга эришишда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

- Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга, икки мамлакатнинг равнақига хизмат қилишига ишонамиз, - деган Ўзбекистон етакчиси музокаралар якунида.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид