Жаҳон | 16:43 / 12.11.2022
15825
3 дақиқада ўқилади

Украина: Россия дунё билан «очарчилик ўйини»ни ўйнамоқда

Фото: Reuters

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россияни Украина ғалласи ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига тўсқинлик қилиб, дунё билан «очарчилик ўйинини» ўйнашда айблади

Камбоджада бўлиб ўтаётган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСEАН) саммити доирасида сўзлаган Кулеба ташкилот аъзоларини Россия 19 ноябрдан кейин «ғалла битимининг узайтирилишига тўсқинлик қилмаслиги учун унга босим ўтказишга чақирди.

Бундан олдин БМТ жаҳон ҳамжамиятини Россиядан ўғит экспорти йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга чақирганди. Бу ҳақда 11 ноябрь, жума куни кечқурун Женевада Россия ва БМТ вакиллари ўртасидаги «ғалла битими» бўйича мулоқотнинг навбатдаги раундида Россия делегациясига бошчилик қилаётган Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин билан музокаралардан сўнг жаҳон ташкилоти маълум қилди.

«Дунё ўғитлар етказиб бериш бўйича глобал муаммолар глобал озиқ-овқат танқислигига олиб келишига йўл қўйиши керак эмас», - дея билдирди ташкилот.

Ноябрь ойи бошида Россия Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қора денгиздаги гуманитар йўлаклар орқали хавфсиз экспорт қилиш бўйича «ғалла битими»ни амалга оширишни қайта бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги баёнот берди. Вазирликнинг қайд этишича, Россия БМТ ва Туркия ёрдами билан Украинадан гуманитар коридор ва Украина портларидан Россияга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун фойдаланилмаслиги ҳақида зарур ёзма кафолатлар олган.

Айни пайтда, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Россия озиқ-овқат ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича озиқ-овқат келишувининг бир қисми ишламаётгани ҳақида гапирди.

Агар келишув узайтирилмаса, оқибатлари жиддий бўлиши кутилмоқда, дея огоҳлантирди Бирлашган миллатлар ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг бозорлар ва савдо бўйича директори Бубакер Бен-Белхассен.

Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш маркази маълумотларига кўра, 11 ноябрь ҳолатига кўра, 489 та кема Украина портларидан буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ёғи ва соя билан чиқиб кетган. Биргина 1 ноябрдан буён 20 дан ортиқ кема Ливан, Марокаш, Ливия, Испания, Руминия ва Хитойга йўл олди.

Қора денгиз дон ташаббуси доирасида кемалар ҳаракати 3 ноябрь куни қайта тикланди.

Мавзуга оид