Жаҳон | 12:23 / 18.11.2022
7111
2 дақиқада ўқилади

Ғазо секторидаги ёнғинда 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Қочқинлар лагеридаги ёнғинда ҳалок бўлганлар орасида етти нафар бола бор. Исроил ярадорларни эвакуация қилишга ёрдам беришни таклиф қилди. Фаластин миллий мухторияти раҳбари Аббос 18 ноябрни мотам куни деб эълон қилди.

Фото: Getty Images

Ғазо секторидаги қочқинлар лагерида жойлашган турар жой биносида содир бўлган ёнғин оқибатида 21 киши, жумладан 7 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда 17 ноябрь, пайшанба куни кечқурун маҳаллий шифохона директорига таяниб, dpa агентлиги хабар берди.

Ғазо маъмуриятига кўра, ёнғин Жабалия қочқинлар лагеридаги уйнинг юқори қаватида содир бўлган. Кейинчалик ёнғин бинонинг қолган қисмига ўтган. Ичкаридаги барча одамлар ҳалок бўлди. Фавқулодда хизматларнинг таъкидлашича, уйда Ғазо сектори аҳолиси қиш учун жамғариб қўйган катта миқдордаги ёнилғи сақланган. 

Ҳодисанинг аниқ сабабини махсус тузилган комиссия аниқлаши керак. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, уйда яшовчи оила хориждаги қариндошининг қайтишини нишонлаган. 

Айни пайтда, Исроил мудофаа вазири Бени Ганц Twitter саҳифасида воқеа юзасидан ҳамдардлик билдирди. Исроил ҳодиса билан боғлиқ ҳолда ярадорларни эвакуация қилишда ёрдам таклиф қилди. Иордания ва Мисрдан ҳам ҳамдардлик ва ёрдам таклифлари келди. 

Ғазо секторида ҳукмронлик қилаётган ҲАМАС ҳаракати ҳалок бўлганлар учун мотам тутаётганини айтди ва аҳолини дафн маросимида иштирок этишга чақирди. Фаластин миллий мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос 18 ноябрни мотам куни деб эълон қилди. 

Жабалия ушбу ҳудуднинг шимолида жойлашган Ғазо секторидаги саккизта қочқинлар лагерининг энг йириги ҳисобланади. 1949 йилдаги араб-исроил урушидан кейин 35 мингга яқин фаластинлик у ердан бошпана топди. Ҳудуди бир ярим квадрат километрга яқин бўлган лагерда бугунги кунда 110 мингдан ортиқ рўйхатга олинган қочқинлар яшайди. 

2020 йил март ойида Ғазо секторидаги Нусейрат қочқинлар лагеридаги новвойхонада катта ёнғин содир бўлди. Ўшанда газ баллонларининг портлаши оқибатида 15 киши ҳаётдан кўз юмди. 

Мавзуга оид