Ўзбекистон президенти 2 ноябр куни имзолаган қонун билан, ёнғинга йўл қўйганлик учун товон ундириш механизми жорий этилмоқда.
Бунда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида инсон ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказган шахсдан моддий ва маънавий зарарни қоплаш билан бирга, суд қарори асосида жабрланувчи фойдасига қўшимча товон ҳам ундирилиши мумкин.
Янги қонунда белгиланган норма қуйидагича:
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида келиб чиққан ёнғин оқибатида одамларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига зарар етказилган тақдирда, зарар етказувчининг зиммасига зарарнинг ўрнини қоплашдан ташқари товон тўлаш мажбурияти суд томонидан юклатилиши мумкин.
Товон:
жабрланувчи вафот этган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваригача миқдорда;
жабрланувчи I гуруҳ ногирони бўлиб қолган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1500 бараваригача миқдорда;
жабрланувчининг соғлигига бошқача тарзда шикаст етказилганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваригача миқдорда тайинланади.
Маълумот учун, БҲМ ҳозирда 440 минг сўмни ташкил этади ва унинг 3000 баравари 1,32 млрд сўм, 1500 баравари 660 млн сўм, 600 баравари 264 млн сўмга тенг.
Қонун 2027 йил 5 февралдан кучга киради.









