Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексига қийноқлар олдини олиш бўйича миллий превентив механизм қонуний асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди. 

Жиноят-ижроия кодекси қуйидаги мазмундаги 4-1-боб билан тўлдирилади: Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш олдини олиш бўйича миллий превентив механизм.

Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш олдини олиш бўйича миллий превентив механизм иштирокчилари қуйидагилардан иборат:

  • Олий Мажлис инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари;
  • Олий Мажлис бола ҳуқуқлари бўйича вакили - бола ҳуқуқларига оид ҳолатларда;
  • Тадбиркорлик субьектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларига оид ҳолатларда;
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ;
  • президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси.

Миллий превентив механизм иштирокчилари ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • превентив ташриф буюрадиган муассасалар ва органларда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилганлар сони тўғрисида маълумот олиш;
  • превентив ташриф буюрадиган муассасалар ва органларда сақланаётган шахслар қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга оид мурожаатлари, уларни сақлаш шартлари билан боғлиқ маълумотларга эга бўлиш;
  • превентив ташриф буюрадиган муассаса ва органларда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилган деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, бундай шахслар ва (ёки) улар қонуний вакиллари билан гувоҳларсиз, шахсан ёки керак бўлганда таржимон орқали, миллий превентив механизм иштирокчиси фикрига кўра тегишли маълумотларни тақдим этиши мумкин бўлган бошқа шахслар билан суҳбатлар ўтказиш;
  • превентив ташриф буюрадиган муассасалар ва органларни эркин танлаш ва уларга монеликсиз ташриф буюриш;
  • муассаса ва органларда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилган деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, бундай шахслар билан суҳбатлашиш;
  • қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларидан фойдаланганлик тўғрисида мурожаатларни қабул қилиш.

Миллий превентив механизми иштирокчиси ўз фаолиятини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга оширади.

Миллий превентив механизм иштирокчилари ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги мажбуриятларни бажарадилар:

  • Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига риоя қилиш, унга юклатилган вазифаларни бажариш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслик;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятига тўсқинлик қилмаслик;
  • давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
  • шикоятларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида мурожаат этувчиларни хабардор қилиш;
  • ташриф буюрилган муассасада режим, кун тартиби ва ўрнатилган бошқа қоидаларга амал қилиш.

миллий превентив механизм иштирокчилари қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо қўлланилгани тўғрисида олинган мурожаатларни рўйхатдан ўтказишлари шарт.

Қабул қилинган мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органларига тақдим этилади. Қабул қилинган ва юборилган мурожаатлар тўғрисидаги маълумотлар превентив ташрифлар натижалари тўғрисидаги ҳисоботга киритилади.