Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ўз қизига тезак едирган отага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 25 июл куни Қумқўрғон туманида яшовчи аёл ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 33 ёшли турмуш ўртоғи Ч.Б. вояга етмаган қизини қийнаганини маълум қилган.

Аниқланишича, ота ўз қизини қийнаб, унга нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этаётгани тасвири 2025 йил 30 декабр куни олинган бўлиб, кейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Daryo.uz нашрининг ёзишича, ота 9 ёшли қизини жазолаш мақсадида ўз уйида молхонадан тезак олиб келишни буюрган ва уни мажбурлаб қизнинг оғзига солишга уринган. Бўлиб ўтаётган машъум воқеани отанинг ўзи телефонида видеога олган.

Ота ташқарига қочиб чиққан қизини яна олдига чақириб олган ва ётқизиб олиб, мажбурлаб тезакни қизининг оғзига солган. Сўнгра шу хонада бўлиб турган 7 ёшли қизи отасининг буйруғи билан олиб келган пиёладаги қайноқ сувни тўнғич қизининг оғзига қуйган.