Мулоқотда ўзаро манфаатли барча йўналишларда давлатлараро ҳамкорликни, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Бўлажак мулоқотлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, Словения ташқи ишлар вазирининг 2023 йилда Ўзбекистонга режалаштирилган ташрифи кўриб чиқилди.
Вазирлар кенг доирадаги масалаларни муҳокама қилиш имконини берувчи ТИВлараро сиёсий маслаҳатлашувлар амалиётини давом эттириш зарурлигини қайд этди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳа икки томонлама ҳамкорлик устувор йўналиши ҳисобланади. Томонлар электроника, фармацевтика ва кимё, металлургия саноати соҳаларида инвестиция алоқаларини кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Музокараларда долзарб минтақавий масалалар, Афғонистондаги мавжуд вазият муҳокама қилинди. Словения томонига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини шакллантириш ташаббуси ҳақида маълумот берилди.












