12–14 октябр кунлари Словениядан келган иш берувчилар Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида номзодлар билан юзма-юз учрашувлар, воркшоплар ва ишга танловлар ўтказади.
Маълум қилинишича, ўзбекистонликлар учун қуйидаги касблар бўйича иш ўринлари бор:
оғир юк автомобили ва халқаро юк ташиш ҳайдовчилари;
йўловчи ташиш ҳайдовчилари;
юк автомобиллари механиклари;
қурилиш ишчилари ва усталари;
оғир техника операторлари;
ишлаб чиқариш ускуналари операторлари;
электриклар;
ўрмон хўжалиги ходимлари;
парваришлаш ходимлари;
маъмурият ва савдо мутахассислари.
Иш ҳақи 1 277 евродан 3 800 еврогача (бруттода)ни ташкил этади ҳамда унинг миқдори ва солиқ ушланмалари вакансияга қараб фарқланади.
Иш берувчилар виза ва ишлаш учун рухсатнома харажатлари, тиббий суғурта, аэропортдан трансфер, турар жой билан таъминлашни зиммасига олган бўлиб, айрим вакансияларда авиачипта ва овқатланиш харажатлари ҳам иш берувчилар томонидан қопланади.
Номзодлардан тегишли касбий малака ва иш тажрибаси, айрим йўналишларда инглиз тили ҳамда махсус сертификатлар, хорижга чиқиш паспорти талаб этилади.
Танловлар 12 октябр куни Бухоро, 13 октябр куни Самарқанд ва 14 октябр куни Тошкент шаҳарларида ўтказилади.
Бошқа ҳудудларда яшовчилар ўзларига энг яқин манзилда ўтказиладиган танловда қатнашишлари мумкинлиги айтилмоқда.














