ХОҚ Россия ва Беларусга қарши санкцияларни кучда қолдирди
Россия ва Беларус жамоалари 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этмайди. Шу билан бирга, икки мамлакат спортчилари нейтрал байроқ остида ёки бошқа давлатларнинг жамоалари вакили сифатида қатнашиши мумкин.
Россия ва Беларус жамоалари 2024 йилда Францияда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) шафелигида ўтказиладиган ҳар қандай тадбирларда ҳам иштирок эта олмайди. Бу 9 декабрь, жума куни Лозаннада бўлиб ўтган ХОҚ саммити Украинада уруш бошланганидан сўнг Россия ва Беларусга нисбатан жорий қилинган санкцияларни ўз кучида қолдирганидан кейин маълум бўлди. «Иштирокчиларнинг мутлақ кўпчилиги Олимпия келишуви ва Олимпия хартиясини қўпол равишда бузганлик учун жавобгар бўлган Россия ва Беларус давлатлари ва ҳукуматларига қарши санкциялар ўз кучида қолиши керак деган фикрга келди», дейилади саммит декларациясида.
ХОҚнинг эслатишича, санкциялар Россия ва Беларусда «халқаро спорт тадбирлари»ни ўтказиш, шунингдек, ҳар қандай спорт мусобақалари ёки учрашувларида ушбу мамлакатлар байроғи, мадҳияси ёки бошқа воситаларни кўрсатишни тақиқлашни ўз ичига олади. Шу билан бирга, икки мамлакат спортчилари нейтрал байроқ остида ёки бошқа давлатларнинг жамоалари вакили сифатида қатнашиши мумкин.
Саммит иштирокчиларига 2024 йилги Олимпиада ўйинларига мезбон бўлган Франция президенти Эммануэл Макроннинг яқинда спорт сиёсат қуролига айланмаслиги кераклиги ҳақидаги баёноти тўғрисида маълумот берилди. Шунга қарамай, кўпчилик санкцияларнинг давом этишини қўллаб-қувватлади. Декларацияда, хусусан, Россия ва Беларус ҳукуматлари айрим спортчиларнинг мусобақаларда иштирок этишига рухсат беришлари ёки тақиқлаши мумкинлиги, бу ХОҚ этикаси нуқтайи назаридан қабул қилиниши мумкин эмаслиги ҳамда бу ҳолатда халқаро мусобақаларда рус ва беларус иштирокчиларининг хавфсизлигига ҳеч қандай кафолатлар йўқлиги қайд этилган.
Бошқа томондан, саммитда Украина билан бирдамлик ва Украина жамоаларининг 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ва 2026 йилда Миланда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларида яхши натижалар кўрсатишига умид билдирилди.
ХОҚнинг россиялик ва беларуслик спортчиларга нисбатан санкцияларни ўз кучида қолдириш ҳақидаги қарори асоссиз. Бу ҳақда «Интерфакс»га Давлат думаси спорт қўмитаси раиси Дмитрий Свишчев маълум қилди. «Россия спортига қарши санкциялар қонунга зид. Биз ХОҚ қарорларини қабул қилмаймиз ва барча инстанцияларда россиялик спортчиларимиз манфаатларини ҳимоя қиламиз», - деди сиёсатчи. Унинг сўзларига кўра, ХОҚнинг Россия, Беларусга нисбатан ҳаракатлари ва қарорлари «Халқаро олимпия қўмитаси яратилган асосий тамойилларни обрўсизлантиради».
Мавзуга оид
13:31
Ўзбекистон ва Россия қўшма корхоналарни кўпайтиришни муҳокама қиляпти
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024