Ўзбекистон | 17:38 / 18.01.2023
35218
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт депутатлари Ортиқхўжаевга миннатдорчилик эълон қилдими?

17 январь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг Telegram-каналида пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга миннатдорчилик изҳор қилинган мурожаат эълон қилинди. Кейинроқ, мурожаат ўчириб ташланди ва кенгаш раиси ўринбосари Тошпўлат Матибoев депутатлар бундай баёнот бермаганини ёзиб чиқди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати

«Ҳурматли Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев, 2019−2023 йилларда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши раиси сифатидаги фаолиятингиз давомида халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатларини қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур айтамиз.

Хусусан, бу даврда сиз томонингиздан билдирилган таклифлар асосида депутатлар томонидан олиб борилган ишлар натижасида аҳолининг айниқса эҳтиёжманд оилаларнинг ҳолидан хабар олингани халқимизнинг депутатларга бўлган ишончини оширгани алоҳида эътиборга лойиқдир.

Сизга, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари томонидан Тошкент шаҳримиз равнақи йўлида қўшган ҳиссангиз ва машаққатли меҳнатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз», — дейилади мурожаатда.

Шунингдек, мурожаатга Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фуқаролар қабулидан лавҳалар акс эттирилган 6 дақиқалик видеоролик ҳам илова қилинган.

Кейинроқ, бу пост каналдан ўчириб ташланди. Кенгаш раиси ўринбосари Тошпўлат Матибоев эса ҳеч қандай йиғилиш бўлмагани ҳамда депутатлар номидан собиқ ҳоким тўғрисида баёнот берилмаганини таъкидлади.

«Ҳурматли Тошкент шаҳар фуқаролари! Ижтимоий тармоқларда тарқалган халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг мурожаатномаси бўйича шуни маълум қиламизки, 16-17 январь кунлари халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг ҳеч қандай йиғилиши бўлиб ўтмади ва кенгаш депутатлари номидан Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Ж.Ортиқхўжаев тўғрисида баёнот берилмаганини билдирамиз», – дейилади Матибоевнинг мурожаатида.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни энергия таъминоти масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан олган эди.

Қуруқ гап билан, ёлғон «сводка» билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», – дея ўз қарорини изоҳлаганди президент.

Тошкент шаҳрига вақтинча раҳбарлик унинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга топширилди.

Мавзуга оид