Шойгу Россия қуролли кучларининг кенг кўламли ислоҳоти ҳақида эълон қилди
Россия мудофаа вазирининг сўзларига кўра, мамлакат хавфсизлигини фақат армиядаги таркибий ислоҳотлар орқали таъминлаш мумкин. Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларида ўзини-ўзи таъминловчи қўшинлар гуруҳлари тузилади.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путиннинг қўшинлар сонини 1,15 миллиондан 1,5 миллион кишига ошириш ҳақидаги буйруғини бажариш мақсадида қуролли кучларда катта ислоҳотлар ўтказилишини маълум қилди. «Фақат Қуролли кучларнинг асосий таркибий қисмларини кучайтириш орқали давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, Россиянинг янги субъектлари ва муҳим объектларини ҳимоя қилиш мумкин», деди Шойгу 17 январь, сешанба куни ўз ўринбосарлари, ҳарбий қўмондонлар билан учрашувда.
Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, қуролли кучларнинг иккита янги ўзига хос стратегик ҳудудий бирлашмалари – Москва ва Ленинград ҳарбий округларини ташкил этишга қарор қилинган. Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларида «ўзини-ўзи таъминловчи қўшинлар гуруҳлари»ни шакллантириш ҳам кўзда тутилган.
Вазирнинг аниқлик киритишича, «Карелияда армия корпусини, қуруқликдаги қўшинлар таркибида учта мотоўқчилар дивизиясини ва ҳаво-десант қўшинларида иккита десант дивизиясини шакллантириш, Ғарбий, Марказий, Шарқий ҳарбий округларда ва Шимолий флотда еттита мотоўқчилар дивизиясини қайта ташкил этиш зарур». Ҳарбий-денгиз флоти, Аэрокосмик кучлар ва Стратегик ракета кучларининг жанговар таркиби кучайтирилади.
Сергей Шойгунинг айтишича, 2023-2026 йиллар давомида қуролли кучлар таркибида кенг кўламли ўзгаришлар, уларнинг сонини кўпайтириш ва Россия ҳарбий-маъмурий бўлинишини ўзгартириш амалга оширилади. Шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар томонидан қўшинлар ёлланишига алоҳида эътибор қаратилади.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Қуролли кучлари сони оширилишини Ғарб Москвага қарши олиб бораётган «прокси-уруш» билан изоҳлади. Мутахассислар Россиянинг ҳаракатларини Швеция ва Финландиянинг НАТОга кириши режалаштирилганига жавоб сифатида баҳоламоқда.
Россия армиясининг ислоҳоти Россиянинг Украинага қарши уруши фонида амалга оширилмоқда, Украина Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, унда аллақачон деярли 117 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Украина Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучларининг йўқотишлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти. Россия Мудофаа вазирлиги кузда 6000 россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк декабрь ойи охирида уруш бошланганидан бери 10 мингдан 13 минггача украиналик аскар ҳалок бўлганини айтди.
Мавзуга оид
14:56
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024